2020 йил Янги Ўзбекистон

Бугун халқаро дўстлик куни

Давлатимиз сиёсатининг энг муҳим, устувор йўналишларидан бири – юртимизда истиқомат қилиб келаётган барча миллатларнинг равнақи учун тенг шароит ва имкониятлар яратиш, миллатлараро муносабатларни уйғунлаштиришдан иборат.

Бугун 30 июль, Бирлашган Миллатлар ташкилотининг 2011 йил 3 майдаги резолюциясига кўра “Халқаро дўстлик куни” деб эълон қилинган. Дўстлик масофа танламайди, тил, дин ёки ирқ билан чегараланмайди. У нафақат инсонларни, шунингдек халқларни ва давлатларни ҳам ўзаро ҳурмат, ишонч асосида бирлаштиради. Шу сабабли қатор халқаро тузилмалар, жумладан БМТ фаолиятининг туб негизида халқлар аро дўстликни мустаҳкамлаш мақсади мужассам.

130 дан ортиқ миллат ва элатлар аҳил иноқликда яшовчи мамлакатимизда ҳам ҳар йили ушбу сана кенг кўламда нишонланади. Ушбу сана доирасида маданий, маънавий-маърифий, илмий-амалий ва сиёсий тадбирлардан иборат ҳафталик ва унинг доирасида Қўмита томонидан “Дўстлик” видеороликлар танловини ўтказиш режалаштирилган эди. Афсуски бу йил, коронавирус инфекциясининг авж олиши сабаб юртимизда анъанавий тарзда ўтказиладиган ҳафталик кейинроққа сурилди. Аммо кўп миллатли халқимиз ушбу байрамни уйда, оила даврасида ўтказиб ўз тилакларини масофадан туриб изҳор қилишмоқда. Қўмита раҳбарияти ва жамоаси барчангизни ушбу байрам билан муборакбод этади.

Қўмита матбуот хизмати