2020 йил Янги Ўзбекистон

Бутунхитой дўстликка кўмаклашиш ассоциацияси билан онлайн учрашув

13 январь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустамбек Курбанов ва Бутунхитой дўстликка кўмаклашиш ассоциацияси раиси Чэнь Чжимин ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди.

Томонлар ўтган 2020 йил ҳар икки мамлакат учун ҳам синовли йил бўлгани, коронавирус пандемияси шароитида самарали ҳамкорлик олиб бориш қийин кечганига қарамай икки мамлакат жамоатчилиги бир-бирини оғир вазиятларда доимо қўллаб-қувватлаб келгани айтиб ўтилди. Шу жумладан, Чэнь Чжимин Ўзбекистон ҳукумати томонидан Хитой халқига кўрсатилган ёрдам учун миннатдорчилик билдириб, пандемияга қарши курашиш бутун инсониятни эзгулик ва дўстлик йўлида яна бирбор бирлаштирганини таъкидлаб ўтди.

 

Ўзбекистон томони ҳам Хитой ҳукуматининг шундай оғир пандемия даврида Ўзбекистон халқига тиббиёт ходимлари ва бирламчи дори воситалари билан бериб келаётган ёрдами учун миннатдорчилик билдирди.

Онлайн суҳбатда икки ҳамкор ташкилот ўртасида сўнгги йилларда самарали дўстлик алоқалари ўрнатилиб, биргаликда Ўзбекистон ва Хитойда халқ дипломатиясини ривожлантиришда кўплаб конференция ва амалий ишлар олиб борилаётгани таъкидлаб ўтилди.

Суҳбатда Ўзбекистон томонидан ҳали-ҳануз давом этаётган глобал пандемия шароитида хитойлик ҳамкорлар билан биргаликда онлайн конференция ўтказиш ҳар жиҳатдан маъқуллиги ва бунинг учун тайёрлиги маълум қилиниб жорий йилнинг биринчи чорагида “Буюк Ипак йўлида рақамли ҳамкорлик-маданият, туризм ва инвестиция” мавзусида онлайн конференция ташкил этиш таклифи билдирилди.

Ўзбекистон томонидан онлайн конференциядан мақсад  Ўзбекистон ва Хитой ўртасида маданий, туризм ва инвестиция соҳасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, хитойлик инвесторларни Ўзбекистондаги кичик ва ўрта бизнес соҳаларга инвестиция киритишга жалб этиш эканлиги таъкидлаб ўтилди.

Ўзбекистондаги мавжуд шароитдан келиб чиқиб икки мамлакат тадбиркорлари ва ишбилармонларини қўшма ҳамкорлигини йўлга қўйиш, Буюк ипак йўли шаҳарлари альянсига қўшилган ҳудудлар ўртасида маданият, туризм ва савдо ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, Хитой инвестициясини Ўзбекистондаги кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга жалб қилишга кўмаклашиш онлайн конференциядан кутилаётган натижа эканлиги таъкидланди.