2020 йил

НИЯТ ХАЙР – ОҚИБАТ ХАЙР

Ёхуд тафаккур қилиш фурсати

Эссе

      Одам Ато фарзандлари оғир синовларни бошдан кечиришмоқда. Инсониятни Тўғри Йўлга йўллаш ва сийратини, феъл-атвор ва хатти-ҳаракатларини ислоҳ этиш, ёмон хулқлар ва ёмон амаллардан қайтариш учун қайта-қайта ўз Расуллари ва Набийларини ва ниҳоятида барча расолатлар, барча афзалликлар, барча гўзалликлар, барча эзгулигу мукаммалликлар мажмуаси бўлмиш Хотам ул-анбиё – Пайғамбарликнинг муҳри бўлмиш жаноби Расулуллоҳ Муҳаммад (САВ)ни бани башар учун раҳмат ва шафоат, неъмат ва давлат, меҳр ва муҳаббат, хайр ва саховат сарчашмаси этиб  юборган Аллоҳ таъоло азза ва жалла яна бир карра манманлик ва худбинлик, кибру ҳаво, фисқу фасод, ғийбат ва туҳмат, фитна ва иғво, ҳаромхўрлик ва порахўрлик, мол-дунёпарастлик ва очкўзлик, низо ва келишмовчилик, уруш ва хунрезлик, ирқчилик ва миллатчилик… каби юзлаб манфур иллатларга, Қуръони каримда зикр этилганидек, “замийма” сифатларга асиру мубтало бўлган инсониятни яна бир карра синовдан ўтказмоқда. Бутун инсониятга, бутун Ер юзига юборган оғир касаллик – Коронавирус вабоси билан. Айни пайтда дунё харитасида ушбу хасталикка учрамаган мамлакатлар сони кундан кунга камайиб бормоқда…

Ҳа, неки ўтган бўлса, ўзимиздан ўтди, неки ўтаётган бўлса, ўзимиздан ўтаётир. Дарёларни лойқалатган, ўрмонларни таг-томири билан кесган, тоғлар ва боғларни чўлга айлантирган, ҳавони булғаган, табиат ва ҳайвоноту наботот оламини салкам йўқ қилиб юборган, ўзаро низолар келтириб чиқариб, урушу қирғинбаротлар қилган ҳам ўзимиздирмиз. Очкўзлик, ҳаромхўрлик, манманлик ва худбинлик ваболарига гирифтор бўлиб, фақат ўз манфиатларимизни ўйлайдиган бўлиб қолган махлуқлар ҳам ўзимиздирмиз. Ҳар бир ёмон амалимизнинг бир куни келиб жавоби борлигини, “Аллоҳ тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади” (Бақара, 222-оят) каби буюк ҳикмат яширинган оятларни эсдан чиқарган ҳам ўзимиздирмиз. Бизга берган неъмату давлатларга шукур қилмасдан, беҳуда исрофларчиликга, ортиқча дабдабалар, кимўзарларга йўл қўйган ҳам ўзимиздирмиз. Кечиримли бўлишни унутган адоватчилар ҳам ўзимиздирмиз. Мансаб ёки бойлигимиз билан керилиб, қимматбаҳо кийимлар ичига беркиниб, айшу ишратларга ғарқ бўлиб инсонийлик қиёфамизни йўқотган жиблажибонлар ҳам ўзимиздирмиз.  Киммиз? Қаердан келдик? Қаерга кетамиз? Бу ҳақда тафаккур қилишни эсдан чиқарган ҳам ўзимиздирмиз…

“Ваҳимага ўрин йўқ”, деймиз-у, аммо “касалликни яширсанг, иситмаси ошкор қилади”, дейди доно халқимиз. Нима дейсизки, 14-21 кун деганда юзага чиқадиган ва бу муддат ичида яна қанчадан-қанча “икс” бемор билан мулоқотда бўлган кишиларга ҳам юқадиган бу “айёр” ва “сайёр” касаллик – COVID – 19 нинг гўёки йўқолиб кетган жойларда қайтадан пайдо бўлиш ва жонланиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Демак, бу хасаталикка нописандлик билан қараш, уни назар-писанд қилмаслик, уни яшириш ва кўча-кўйларда тараллибедод қилиб юриш нафақат ўз жонига қасд қилиш, балки бутун жамият аҳлининг ҳаётига хавф солиш билан баробар экан. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бир ой давомида бутун Ўзбекистон халқига қилган икки марта Мурожаатида ана шу касалликнинг нақадар оғирлиги, халқимиз ҳаёти учун нечоғлик хавфлилиги, бунинг учун сабру матонат билан, покизалик ва қаноат билан, юксак маданият ва маърифат билан уй шароитида шуғулланиш лозимлиги, ҳар бир одам ҳам ўзини, ҳам яқинларини, ҳам жамият аҳлини ушбу касалликдан эҳтиёт қилиш ва бир тану бир жон бўлиб унга қарши курашиш чора-тадбирлари ўз аксини топганлигининг гувоҳи бўлдик. Муҳтарам Президентимиз ўз Мурожаатларида халқимизни нафақат эпидемиядан эҳтиёт бўлишга чақирди, балки шунингдек, халқимизнинг матонатига, сабру қаноатига, бирдамлиги-ю меҳру мурувват ва саховатига, маданияту маърифатига ҳам катта ишонч билдирди. Ана шу вазиятдан келиб чиққан ҳолда бир қатор қарорлар эълон қилинди. Карантиннинг эълон қилиниши – ишга чиқмасдан, жамоа бўлиб юрмасдан, иақсадсиз кўчага чиқмасдан, уйда қолиб оила шароитида фойдали ишлар билан шуғулланиш принципи ушбу касалликнинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг энг асосий давоси, энг зарур малҳами сифатида эътироф этилди ва Худога шукурки, халқимизда “маданиятли карантин” тушунчаси кенг ёйилди. Буни қарангки, Ҳадиси шарифда ҳам бу ҳақда айтилган экан: «Агар бир ерда вабо пайдо бӯлса, у ердан чиқиб кетманглар. Агар бир ерда вабо борлигини эшитсангиз, у ерга борманглар» (Имом Аҳмад ривояти). ТВ каналлари, интернет тармоқлари ва телефон мулоқотлари орқали пайдо бўлган тасаввурларимдан шундай хулосага келдимки, шу кунларда Ўзбекистонда бирон касб-ҳунар эгаси бўлган, ижоднинг борор тури билан шуғулланадиган, умуман, ўзини англаган одам борки, барчаси уй шароитида, оила бағрида истироҳат қилиш билан бирга ижод ҳам қилмоқда. Назаримда, бутун Ўзбекистон халқи ижодкордек: ҳар бир инсон ўзи ва жамият учун гўзал ва керакли бўлган нимадир яратиш ишлари билан банд. Шахсан мен (ўйлаб қарасам, кўп йиллардан буён тузукроқ истироҳат ҳам қилмаган эканман) 20 мартдан буён уйда оила аъзоларим билан бирга карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда истироҳат қилдим, Ўзбекистонда ва дунёда кечаётган воқеалардан хабардор бўлиб турдим, севимли филмларимни томоша қилдим, китоб мутолааси ва ижодий ишлар билан шуғулландим, бошлаган илмий-тадқиқот ишларимни якунига етказдим, мақолаларимни хорижий илмий журналларда эълон қилдирдим, ўзбек ва форс-тожик тилларида бир туркум шеърлар ёздим…

Дунёнинг кўпгина мамлакатларида кунига юзлаб одамлар уйда-ю кўча-ю кўйда ўлим билан юзма-юз бўлиб, ҳаёт билан видолашаётган бир паллада, давлатимиз раҳбарининг оқилона сиёсати туфайли касалликнинг кириб келиш йўллари биринчи кунлардан тақа-тақ ёпилди: чет элларга борди-келдилар вақтинчалик тўхтатилди, мамлакатда оммавий тарзда карантин режими эълон қилинди, ҳар қандай ҳаракат тури назорат остига олинди, кўчалар, иншоотлар, хиёбонлар, уйлар, муассасалар мунтазам равишда дизенфекция қилина бошланди. Бунинг учун давлатимиз томонидан жуда катта миқдорда маблағлар сарфланди, жуда катта ишчи кучи жалб этилди. Карантин бўйича Республика комиссияси тузилди, фавқулодда тезликда махсус шифохоналар ажратилди, ихтисослаштирилган шифохоналар қурилиб, ишга туширилди, карантин зоналари яратилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, турли вазирликлар ва ҳокимиятларнинг масъул ходимлари кеча-ю кундуз халқимизни бу оғир синовдан эсон-омон чиқариш учун тинмай меҳнат қилишаяпти. Ана шундай мураккаб вазиятда имкони борича ўқув программаларини бажариш, дарсларда узоқ танаффусга йўл қўймаслик учун мактабгача, ўрта, махсус ва олий таълим тизимларида онлайн таълим услублари жорий этилди, айниқса, ёш авлоднинг келажаги учун ТВ каналлари орқали энг малакали ўқитувчиларнинг дарслари эфирга узатила бошланди.  Шу билан бирга банк ва бошқа турлардаги зарурий хизмат кўрсатиш, озиқ-овқат бозорлари ва савдо дўконларининг аҳолига карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда хизмат кўрсатиш тартиблари йўлга қўйилди. Бир сўз билан айтганда, уйда ўтириб, онлайн тарзда ижтимоий фаолият билан шуғулланиш, маданиятли карантинни ўтказиш, ТВ ва Радио каналлари орқали Ўзбекистон ва дунёда рўй бераётган янгиликлардан  хабардор бўлиб бориш билан бирга энг яхши филмлар, сериаллар, кўрсатувлар, жонли эфирлар, жонли мусиқий концертлар, теле дарслардан баҳраманд бўлиш имкониятлари яратиб берилди. Муҳтарам Президентиз карантин билан боғлиқ охирги йиғилишларидан бирида  Ўзбекистонда кечаётган карантин муаммоларини атрофлича муҳокама қилди. “Бу кураш… — деди Ш.Мирзиёев, – ичимизда юрипти бу душман. Лекин бу душманни қачон енгамиз? Ақл билан, фақат ақл билан, сабр-тоқат билан, матонат билан енгишимиз мумкин. Қайси соҳага қандай карантин чораларини кўришимиз мумкин, ўшандан кейин ишга чиқишимиз мумкин, одамларни ишга чиқаришимиз мумкин? Лекин шу билан бирга бугундан бошлаб  икки баробар кўпроқ масъулият елкамизга тушади, одамларнинг умри билан боғлиқ бу нарса”. Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз ва бутун дунёда кечаётган вазиятни жонкуярлик билан чуқур таҳлил қилар экан, жумладан, шундай деди: “Албатта, биз аввало халқимизни, шунингдек, иқтисодиётимизни бу инқироздан эсон-омон олиб ўтиш учун барча чора-тадбирларни кўряпмиз, лекин бу халқаро муаммо қанча давом этишини ҳеч ким аниқ башорат қила олмаяпти. …Шунинг учун биз халқимизнинг тарихий ва маънавий қадриятларини, жумладан, меҳру саховат, оқибат ва ҳиммат, ўзгаларга ҳамиша ёрдам қўлини чўзиш, топганини ўзгалар билан баҳам кўриш каби юксак фазилатларини инобатга олган ҳолда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини эълон қилсак. Ўйлайманки, бутун халқимиз бу ташаббусни қўллаб-қувватлайди. “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати. Хабарингиз бор, саноқли кунларда барчамиз учун муқаддас бўлган муборак Рамазон ойи ҳам кириб келади. Ушбу ойда фуқароларимиз эҳтиёжманд ва муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиши ҳам қарз, ҳам фарз. Шуларнинг ҳаммасини инобатга олиб, ушбу муқаддас ойда ҳар бир тадбиркор ўзи фаолият юритаётган ҳудудда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини фаол қўллаб-қувватлаш бўйича таклиф киритмоқчиман. Яъни, Рамазон ойида амалга ошираётган эҳсонларимиз ва хайрияларни манзилли қилсак, ифторларга сарфланадиган маблағлар ва озиқ-овқатларни муҳтожларга йўналтиришимиз ҳаммаси рўйхат бўйича бўлади. Имкониятдан келиб чиқиб, қайсидир тадбиркор бир ойда ўнта, бошқаси йигирмата оиланинг рўзғорига кўмаклашиши мумкин”. Нақадар оқилона, халқимиз фалсафий тафаккуридан балқиб чиққан теран фикрлар ва таклифлар!

Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинки, ўн бир ойлик соғинч ва иштиёқдан сўнг минг ойдан яхшироқ бўлган ой, дуо ва тиловат, тоат ва ибодат, раҳмат ва мағфират, хайр ва мурувват ойи бўлмиш муборак моҳи Рамазон ўзининг шарофату баракотлари билан юртимизга ва бутун оламга ташриф буюриб турибди. Қалбларимизга таскин ва ором, кўзларимизга нур ва сурур, юзларимизга ёруғлик бағишлочи муборак Рамазон ойи. Қавлуҳу таоло: “Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир” (Бақара сураси, 185-оят).

Ўтган улуғларимиз фазилатда тенги йўқ бу муборак ойни йил давомида интиқлик билан кутиб, “Аллоҳим, бизларни Рамазонга эсон-омон етказ!”, дея Парвардигорга илтижолар қилардилар. Рамазон ойи ва ундан кейинги ойларда эса “Аллоҳим, Рамазондаги амалларимизни қабул эт!”, дея дуода бўлардилар.

Бу қимматли ибодат ва муҳаббат, тафаккур ва саховат фурсати бўлмиш Рамазон ойининг ҳар бир лаҳзасидан файзу баракот олиш истагида бўлган юртдошларимиз ҳар бир нафасни ғанимат деб билиб, эзгу амаллар, савоб ишлар ва хайру эҳсонлар қилишга бел боғлаганларига аминман.  Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилиб дедилар: “Бутун умрингиз давомида яхшилик талабгори бўлиб, Аллоҳ азза ва жалланинг раҳмат шабадаларига йўлиқинг! Зеро, Аллоҳнинг раҳмати жумласидан бўлган шабадалари борки, уларни бандаларидан хоҳлаганига насиб қилади” (Табароний, Байҳақий, Ибн Абдул-Барр, Абу Нуайм, Ибн Асокир ва бошқалар ривояти).

Муқаддас ислом дини Ислом, Иймон ва Эҳсон тушунчалари асосида қурилган. “Эҳсон” тушунчасини олайлик. “Эҳсон” деганда одатда бировга бирор неъматни бериш ва унга хайр-саховату мурувват кўрсатиш тушунилади. Лекин “эҳсон” сўзи луғатда “яхшилик қилиш, эзгулик кўрсатиш”, “яхши амаллар”, “гўзал амаллар” маъноларини ҳам англатади. Қуръони каримда эҳсоннинг фазилати зикр қилиниши билан бирга эҳсон қилувчиларга бериладиган ажру мукофотлар, уларга етадиган савоб ва манфаатлар ҳам баён этилади. Эҳсоннинг турлари жуда кўп: Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга эргашиш ҳам – эҳсон, ота-онага хизмат қилиш ҳам – эҳсон, оилани боқиш ҳам – эҳсон, Қуръон тиловат қилиш ҳам – эҳсон, Қуръон тиловатини эшитиш ҳам – эҳсон, бировни кечириш ҳам – эҳсон, бировнинг кечирим сўрашини қабул қилиш ҳам – эҳсон, бошга келган мусибат ва озорларга сабр қилиш ҳам – эҳсон, илм ўрганиш ҳам – эҳсон, илм ўргатиш ҳам – эҳсон, келишолмаган икки томонни яраштириб қўйиш ҳам – эҳсон, ҳатто бировга яхши муомала қилиш ҳам – эҳсон… Эҳсонни, яъни, яхшилик ва эзгуликни Парвардигор биринчи навбатда ота-онага, яқин қариндошларга қилишга буюрган: “Aллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшни-ю бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Aлбатта, Aллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди”. (Нисо сураси 36-оят) Айнан ана шу ҳақда Пайғамбаримиздан (САВ) бир неча ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Жумладан: “Мискинга қилинган садақага битта савоб, қариндошга қилинган садақага иккита савоб: бири садақа, иккинчиси силаи раҳм учундир”.

Оли Имрон сурасининг 92-ояти каримасида эса шундай дейилади:
“Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жанатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир”.

Эзгулик, яхшилик, гўзал хулқу атвор ва амаллар, меҳру муҳаббат ва хайру саховат – нақадар яхши, нақадар гўзал! Булар ичида ётган ғуж-ғуж савобу раҳматларнинг ҳисобига, жаннат ифорларининг адоғига етиб бўладими? Бир ўйлаб кўринг: бирор кишига бир нарсани эҳсон қилдингиз ёки унга бирор яхшилик кўрсатдингиз, майли, бу яхшилик ўта арзимаган (масалан, йўлни қидириб юрган кишига қайси томонга боришни кўрсатдингиз ёки ручкаси ёзилмай қолган кишига дарҳол чўнтагингидаги ручкангизни чиқариб узатдингиз) бўлсин. Лекин тасаввур қилиб кўринг: бундан кўнглиингиз қанчалик равшан тортади, ўзингизда бир руҳий енгиллик, хотиржамликни туясиз, кимгадир фойдангиз текканидан қувониб кетасиз. Эҳсон қилинган киши ҳам ўзига кўрсатилган яхшиликдан мамнун бўлади, сизга нисбатан кўнглида меҳр ва миннатдорчилик ҳисси уйғонади, агар сиздан хафа бўлиб қолган бўлса, унутади, унда ҳам бировга яхшилик қилиш туйғусини ҳаракатга келтиради. Шундай қилиб, эзгулик занжирли давом этиб кетаверади, бир кишидан иккинчи кишига, иккинчи кишидан учинчи кишига  ва… узатилаверади. Айниқса, яхшилик қилган одамингиз кўнгли шикаста, етим-есир, бева-бечора, муҳтож ва камбағал киши бўлса. Ҳазрат Навоий айтганларидек:

Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай.

Натижада, жамиятда кишилар ўртасида тинчилик-тотувлик, ўзаро ҳурмат-эҳтиром устида қурилган соғлом бир муҳити юзага келади, келишмовчиликлар, ихтилофлар, бегонасирашлар, душманликлар барҳам топади, тинчлик-осойишталик ва фароғатли ҳаёт барқарор бўлади. Энг муҳими, кимга яхшилик қилсангиз, Aллоҳ таоло уни ўзингизга ўн баробар қилиб қайтаради. Бу ҳақда Парвардигорнинг шундай ваъдаси бор: “Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур). Кимки (бир) ёмон (гуноҳ иш) қилса, фақат ўша (гуноҳ) миқдорида (бир гуноҳга яраша) жазоланур. Уларга ноҳақлик қилинмагай” (Aнъом сураси, 160-оят).

Муҳтарам Президентимиз таъкидланганларидек, халқимиз саховатпеша, мурувватпеша , қалби ва қўли очиқ халқ. Катта-катта тадбиркорларимиз, бой-бадавлат ватандошларимиз нафақат қариндош-уруғини, ҳатто ёнидаги қўшниси-ю маҳалладоши ва ҳаттоки етти маҳалла наригидаги етти ёт бегона бир инсоннинг қийналиб, муҳтож бўлиб турганини кўрса ё эшитса, албатта, ёрдамга ошиқади. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай буюрилади: “Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг!” (Исро сураси, 26-оят). Эътибор қилинса, оятнинг бошида хайр-эҳсон қилишга буюрилаётган бўлса, охирида  исроф қилишдан қайтарилмоқда. Чунки, баъзилар эҳсон қилаяпман, деб ҳаддан ошириб юборишади ва исрофга йўл қўйишади. Ислом дини таълимотига кўра исрофгарчилик – кераксиз, ноҳақ ва ҳаром-хариш йўлларга мол-дунё сарфлашдир. Исрофнинг ҳам турлари кўп: маросимларни тежамсиз ўтказиш ҳам исроф, электр, газ, сув, ёнилғи каби турмуш қулайликларини ортиқча ишлатиш ҳам исроф, қимматли вақтни, бебаҳо умрни бефойда нарсаларга сарфлаш ҳам исроф ҳисобланади. Мазҳаббошимиз Имоми Аъзам айтганларидек: “Хайр ва эҳсонда исроф бўлмаганидек, исрофда ҳам ҳеч қандай хайр йўқдир”.

Парвардигорнинг иродаси бўлмаса, дарахт шохидаги бир япроқ ҳам ҳилпирамайди, ер остидаги бир қурт-қумурсқа ҳам қимирамайди… Дард берган шифосини ҳам албатта беради. Президентимиз айтганларидек, буни фақат сабр-қаноат ва матонат билан енгишимиз мумкин эканми, берган ҳар бир нафасига шукур қилиб яшашимиз керак бўлади. “Барча амалларингиз ниятларингизга боғлиқ” дейилади Ҳадиси шарифда. Иншаалоҳ, қалбларимиз мусаффо, ниятларимиз пок, мақсадларимиз эзгудир. Ният хайр бўлса, оқибат ҳам албатта, хайр бўлади. Иншааллоҳ, бу синовлардан ҳам соғ-саломат ўтиб оламиз.

Келинглар, азизлар, макондошлар ва замондошлар, Раҳмат ва мағфират ойи – муборак Рамазон ойининг ҳар бир лаҳзасини ғанимат билиб, тоату ибодат, меҳру мурувват, раҳму шафқат, илму маърифат, хайру саховат ва сабру қаноат билан ўтказиб, Даргоҳидан гуноҳларимизни мағфират қилишни, солиҳ ва суюкли бандалари қаторида бўлишимизни, иймон-эътиқодли, маърифатли, муҳаббатли ва кечиримли инсонларга айланишимизни, бу дарду меҳнатиларни тезроқ элимиз бошидан аришини сўраб дуода бўлайлик!

 

Жаъфар ХОЛМЎМИНОВ

(Жаъфар Муҳаммад Термизий),

Ўзбекистон Тожик миллий маданий маркази раиси,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,

фалсафа фанлари доктори (Ph.D),

Antique World Халқаро Фанлар Академияси профессори