2020 йил

Украина коронавирус билан боғлиқ вазият бўйича «қизил» ва «яшил» давлатлар рўйхатини янгилади. Ўзбекистон «яшил» давлатлар қаторида

Украина Соғлиқни сақлаш вазирлиги 16 октябрь куни қизил ва яшил зонага киритилган мамлакатларнинг янгиланган рўйхатини эълон қилди, деб хабар бермоқда «Korrespondent.net».

Рўйхатда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига аъзо бўлган 194 та давлат бўйича маълумотлар берилган. Унда COVID-19 билан касалланиш бўйича ҳар бир мамлакатда 100 минг кишига тўғри келадиган фаол ҳолатлар қайд этилган. Қизил зонага 44 та давлат, шу жумладан, коронавирус инфекцияси тарқалиши тўғрисида маълумот бўлмаган 15 та давлат киритилган.

«Қизил» зонага, хусусан, Украина сайёҳлари учун очиқ бўлган Арманистон, Словения, Ирландия, Буюк Британия, АҚШ, Багам ороллари, Черногория, шунингдек, украиналик сайёҳлар учун ёпиқ бўлган Испания, Франция, Чехия, Исроил, Молдова киритилган.

«Яшил» зонага эса Украина сайёҳлари учун очиқ бўлган Албания, Болгария, Сербия, Шимолий Македония, Ироқ, Эрон, Туркия, Миср, Қозоғистон, Ўзбекистон, Беларусь, Сейшел ороллари, Комор ороллари, Мальдив ороллари, Кения, Мексика, шунингдек, украиналик сайёҳлар учун ёпиқ бўлган Италия, Канада, Грузия, Польша, Хитой, Германия, Кипр ва Тунис киритилган.

Фото: «Korrespondent.net»

Украинада сўнгги 14 кун ичида касалланиш кўрсаткичи бўйича ҳар 100 минг кишига 176,5 нафар бемор тўғри келган.

Аввалроқ мамлакат ССВ Украинада касалланиш ҳолати ҳали энг юқори даражага чиқмагани ва вазият янада оғирлашиши мумкинлигини маълум қилган.