2020 йил Янги Ўзбекистон

ҚУРБОН ҲАЙИТИ – СИНОВ РАМЗИ

Мана, бир неча ойдирки, асрлар давомида жамоа бўлиб яшашни турмуш тарзига айлантириб келаётган халқимиз бутун инсоният билан бирга синовли даврни бошидан кечирмоқда. Ушбу синовли даврнинг муҳим шартларидан бири – яккаланиш, жамоа турмуш тарзидан якка турмуш тарзига ўтишга одатланиш, имкони борича жамоа бўлиб ҳаракат қилмасликка кўникишдир. Зеро, асримиз ваболаридан бири бўлиб ҳаётимизга кириб келган COVID – 19 – короновирус касаллиги жамоа жойларда, жамоа билан бирга ўтказиладиган турли диний ва миллий маросимларда янада кенгроқ масштабларда ёйилиши, бутун бошли бир жамоага юқиши мумкинлигини ҳаётий фактлар исботлаб бераётгани барчага маълум. Ҳаётимизнинг асосий қисми виртуал мулоқотга айланди, барча ишларимиз онлайн тарзда, интернет ва бошқа воситалар орқали амалга оширилмоқда.

Бугун мусулмон оламида иккита энг буюк маросимлардан бири – Ийд ал-Қурбон. Қурбон ҳайити – садоқат ва сабру матонат тимсоли, синов ва имтиҳон рамзи. Банданинг ўз Парвардигорининг синовларига таҳаммул ва сабру қаноат билан, садоқат ва буюк ихлос билан бардош бериш ҳикмати экан. Нима дейсизки, шу синовлар ҳам бошимизда бор экан, шу имтиҳонлар ҳам пешанамизда ёзилган экан. Буни фақат сабру қаноат ва бардош билан енгишимиз мумкин, халос. Бунинг учун руҳан, қалбан, маънаван бирлашишимиз, бир-биримизни ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашимиз, бир-биримиздан беғараз ёрдам ва меҳру мурувватимизни аямаслигимиз лозим.

Ватандошларимиз ва диндошларимизни Қурбон ҳайити билан чин кўнгилдан муборакбод этар эканман, уларга қараб бу кунлар ҳам ўтиб кетар, энг муҳими, ўзимиз ва ўзлигимизни йўқотмасдан, инсонийлигимизни эсдан чиқармасдан, эртага, Аллоҳ таъолонинг бизга атаган яхши ва ёруғ кунларига ишониб яшайлик, ҳали бизнинг кўчаларимизда ҳам яна тўйлар бўлади, иншааллоҳ.

 

Ўзбекистон тожик миллий маданий маркази раиси

Жаъфар Холмўминов