Версия для слабовидящих

2020 йил Янги Ўзбекистон

Ўзбекистоннинг ЕОИИга қўшилиш масаласи очиқлигича қолмоқда — Содиқ Сафоев

Ўзбекистон аҳолисининг аксарияти мамлакатнинг ЖСТга аъзо бўлишини қўллаб-қувватламоқда, бу борада ҳукумат ва парламентда келишувга эришилди. ЕОИИга қўшилиш масаласи очиқ бўлиб қолмоқда, аммо аъзо бўлиш учун муҳим омиллар мавжуд. Бу ҳақда Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев АҚШда гапирди.

Ўзбекистоннинг Жаҳон Савдо Ташкилотига (ЖСТ) кириши жамиятда Евроосиё Иқтисодий Иттифоқига (ЕОИИ) аъзо бўлишдан кўра камроқ мунозараларни келтириб чиқаради, бу борада охирги савол очиқ қолмоқда. Бу ҳақда 17 ноябрь куни Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Вашингтондаги Атлантика кенгашида сўзлаган нутқида айтиб ўтди, дея хабар берди «ТАСС».

Эслатиб ўтамиз, ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси амалий ташриф билан АҚШда бўлиб, ушбу ташриф 22 ноябрга қадар давом этади.

«ЖСТга аъзо бўлиш Ўзбекистон учун энг устувор вазифадир ва биз ушбу ташкилотга қўшилишга тайёргарлик қилишда кўрсатаётган улкан ёрдами учун АҚШдан миннатдормиз, — деди Содиқ Сафоев. — Ўтган ҳафта Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Сардор Умурзоқов ва АҚШ савдо вазири Уилбур Росс жуда муваффақиятли музокаралар ўтказдилар [видеоконференция орқали]. АҚШ бизни қўллаб-қувватлашига амин бўлдик».

Содиқ Сафоев ЕОИИ ҳақида гапирар экан, бу борада жамиятда кўплаб қарама-қаршиликлар мавжудлигини таъкидлади. «Қўшилиш ёки қўшилмаслик тўғрисида кўплаб саволлар мавжуд, аммо Евроосиё Иттифоқига аъзоликни кўриб чиқишда учта асосий омил бор, — деди у. — Биринчидан, республиканинг миллионлаб фуқаролари Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатларида ишлайди. Бу бизнинг фуқароларимиз, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга пул топиш учун яхши имкониятлар яратиш биз учун жуда муҳимдир».

«Иккинчидан, география. Бизнинг асосий бозорларимиз учун янги транспорт йўналишлари керак. Ушбу ташкилотнинг бир қисми сифатида биз имтиёзлар тизимига кирамиз, бу экспорт ва импорт учун транспорт харажатларини камайтиради. Учинчидан, Ўзбекистон экспортининг асосий йўналиши — Евроосиё иттифоқига аъзо давлатлардир», — деди Сенат раҳбарининг биринчи ўринбосари.

Унинг сўзларига кўра, Тошкентда ЕОИИга кириш имкониятларини баҳолаш учун махсус гуруҳ тузилган. «Келинг, бу ташқи савдо сиёсатининг мустақиллигини пасайтирадими ёки йўқми, у бошқа мамлакатларнинг тажрибали шериклари олдида биздаги кичик ва ўрта бизнес мавқеига путур етказадими, шуни кўриб чиқсак», — деди Содиқ Сафоев. — Бу борада ҳукумат ва парламент қарор қабул қилади. <…> Бу масала ҳамон очиқлигича қолмоқда».

Май ойида Сенат кўпчилик овоз билан Ўзбекистоннинг кузатувчи давлат сифатида Европа Иттифоқи билан ҳамкорлигини маъқуллади. 71 сенатор «қўшиламан», 16 нафари «қарши» овоз берди, 4 киши эса бетараф қолди.

Июль ойида, деярли 15 йиллик танаффусдан сўнг, Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш бўйича қўшма ишчи гуруҳининг йиғилишларини давом эттирди. 2019 йилда Ўзбекистон томони ЖСТга мамлакатнинг ушбу ташкилотга қўшилиши тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш учун ташқи савдо режими тўғрисидаги янгиланган меморандумни тақдим этди.

Print Friendly, PDF & Email
loading