АҚШДАГИ ВАТАНДОШЛАР БИЛАН ВИДЕОМУЛОҚОТ

Ўзбекистон Алоқа тарихи музейида Нью-Йоркдаги “Mahalla-USA” жамияти ва Чикагодаги “Ўзбек-Америка” ассоциацияси билан видеоконференция ўтказилди.

Видеоконференцияда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Ташқи ишлар вазирлиги, “Ўзбекистон-АҚШ” дўстлик жамияти, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ходимлари иштирок этишди.

 

Қўмита бўлим бошлиғи З.Абидов хориждаги ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасидаги ишлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев ташаббуслари ва раҳбарлигида амалга оширилиб келинаётганлигини айтиб ўтди.

Видеоконференцияда Қўмита томонидан хориждаги ватандошлар фаолияти қўллаб қувватланаётганлиги, улар билан доимий мулоқот ўрнатилганлиги ва ҳамкорликда Ўзбекистонда ва хорижда кўплаб тадбирлар ўтказиб келаётганлиги, 2019 йилнинг ёзида АҚШда истиқомат қилувчи ватандошларимизнинг фарзандлари Ўзбекистондаги ёзги оромгоҳда ҳордиқ чиқаришганлиги, бу уларда Она Ватанга бўлган муҳаббатини янада оширишга туртки бўлганлиги ҳақида илиқ фикрлар билдирилди.

 

АҚШ нинг Чикаго шаҳрида истиқомат қилаётган ватандошимиз “Ўзбек-Америка” ассоциацияси раиси О.Шарипов ташкил этилган видеомулоқот учун Ўзбекистон тарафига муннатдорчилик билдирди. У “Ўзбек Америка” ассоциацияси томонидан АҚШда ўзбек маданиятини тарғиб қилиш, ватандошлар ўртасида ўзбек тили ва қадриятларини сақлаб қолиш мақсадида тадбирлар уюштириш, якшанба ўқув машғулотларини ўтказиш ва бошқа маданий-маърифий ишларни янада ривожлантиришга эътибор қаратилаётганини айтиб ўтди.

Суҳбат давомида О.Шарипов томонидан АҚШдаги ватандошларимиз фарзандларини Ўзбекистонга ташрифини анъанавий ташкиллаштириш, АҚШда ватандошлар иштирокида ёшлар ўртасида китобхонлик танловини ўтказиш, Ўзбекистонга ташриф буюриш учун авиачипталарга чегирмалар тақдим этишда ёрдам кўрсатиш масалалари юзасидан таклифлар билдирди.

 

Суҳбат чоғида “Ўзбекистон-АҚШ” дўстлик жамияти раис ўринбосари Г.Ахунова жамиятлар ўртасида ҳамкорлик алоқалари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.

Г.Ахунова 2019 йилнинг 20-29 март кунлари АҚШга ташриф давомида “Ўзбек-Америка” жамияти ташкил топганлигининг 10 йиллигига, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида халқ дипломатиясининг ривожланишига ҳамда Ўзбекистоннинг туризм ва сармоявий салоҳиятини тақдим этишга бағишланган давра суҳбатини юқори баҳолади ва келгусида ҳам ҳамкорликда ишлар олиб бориш юзасидан АҚШдаги ватандошлар билан илмий ҳамкорликни кенгайтириш, “Ўзбек-Америка” ассоциацияси қошидаги мактабда таҳсил олаётган ўқувчиларга Ўзбекистон тарихи ва ўзбек тилини равон ўргатиш учун Ўзбекистондан малакали педагогларни юбориш каби таклифларини айтиб ўтди.

Видеомулоқотда Ташқи ишлар вазирлиги ходими А.Ахмедов жорий йил март ойида Ўзбекистон делегацияси ташрифини ташкиллаштириш ҳамда ўтказиладиган тадбирларни кенг миқёсда ташкил этиш бўйича таклифларини маълум қилди. Хусусан, ташриф давомида Чикаго университетида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талаба ёшлар билан учрашув ташкил этишни тавсия қилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ходими Г.Жураева сўзга чиқиб, болалар оромгоҳида дам олиш учун яратилган қулайликлар ҳақида тўхталиб ўтди. У Федерация бундан кейинги ҳамкорликларга ҳам тайёр эканлигини маълум қилди.

“Mahalla-USA” жамияти фаоли Ф.Мукимова видеоконференция ташкил этилганлиги учун Ўзбекистон тарафига миннатдорчилик билдириб, Жамият фаолияти ва жорий йилда амалга ошириладиган ишлар ҳақида маълумот бериб ўтди.

Ф.Мукимова АҚШдаги ватандошларни бирлаштириш мақсадида спорт мусобақаларини ўтказиш, хусусан, жорий йилнинг март ойида Наврўз байрамига бағишлаб АҚШнинг 10 та штатидаги ватандошлар вакиллари иштирокида футбол турнири ўтказилиши режалаштирилаётганини маълум қилди.

У тадбирларни кенг кўламда нишонлаш мақсадида ўзбекистонлик санъаткорлар Хулкар Абдуллаева, Ўлмас Оллоберганов ва фахрий футболчи Ахмаджон Убайдуллаевларни АҚШга таклиф қилди.

Видеоконференция конструктив руҳда ўтди ва томонлар келгуси ҳамкорлик алоқаларни ривожлантириш масалаларини биргаликда амалга ошириш бўйича келишиб олишди.