Акмал Саидов таълим-тарбия муаммолари, коррупция, хайрия, “Жаслиқ”, болаларнинг масжидга бориши, “снослар”, ҳоким ва тадбиркор ўртасидаги машмаша ҳақида қандай фикрлар билдирди?

Кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 апрелда қабул қилинган “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан брифинг ўтказилди. 

Унда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов иштирок этиб, соҳа бўйича атрофлича маълумотлар тақдим этиши қаторида журналистлар томонидан берилган бошқа саволларга ҳам батафсил жавоб берди.

Хусусан, юртимизда бола ҳуқуқларини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар, мавжуд муаммолар, истиқболдаги режалар қатори “Жаслиқ” жазони ижро этиш колонияси ёпилишига, “снос”лар билан боғлиқ муаммоларга ҳам тўхталиб ўтди. Зеро, ушбу мавзулар ҳам бевосита инсон ҳуқуқларини таъминлашдек долзарб вазифага тааллуқлидир.

Ушбу брифинг юртимиздаг электрон оммавий ахборот воситалари, жумладан, Kun.uz, Daryo.uz каби етакчи ахборот манбалари қатори блогерлар томонидан ҳам кенг ёритилгани кун тартибидаги ва унга турдош масалалар нақадар муҳим эканлигини англатади. Қуйида мазкур манбаларга таяниб, Марказ директори фикрларини келтириб ўтамиз.

А.Саидов болалар ва ёшларимиз сиёсатида таълим-тарбиянинг роли жуда муҳим эканлигини таъкидлар экан, бу масалада тартибга солувчи қонунлар, масалан “Таълим тўғрисида”ги Қонун жуда эски эканлигини афсус билан тилга олгани ҳақида ёзади Kun.uz.

Унинг айтишича, ушбу Қонун ҳозирги даврга умуман тўғри келмайди.

“Яқинда Беларусга президентимиз билан бирга борганимда уларда таълим кодекси борлигини кўрдим. Бизда ҳам таълим соҳасидаги қонунчиликни тартибга келтирувчи таълим кодекси қабул қилсак тўғри бўларди, — дейди у. — Бу соҳада қонуности ҳужжатлар жуда кўп.

Таълим масаласида айтадиган бўлсак, ўрта таълим Ўзбекистонда бепул. “Пулли бўлиши керак”, “ҳудудлардан келса қолганларга жой етмай қолади” каби гаплар асоссиздир. Бизда ўрта таълим бепул – бу конституциявий талаб.

Қонунчиликдаги кемтиклардан яна бири никоҳ ёши билан боғлиқ. Қизларимизга бошқа, йигитларимизга бошқа ёш меъёри белгиланган. Масалан, 16 ёшга чиққан қиз ҳали сайлов ҳуқуқига эга бўлмайди. Мен буни 15 йилдан бери айтиб келаман. БМТнинг бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасидагилар неча бор гапиришди. Тенгҳуқуқли бўлиши кераклигини такрор ва такрор айтишди. Биз биринчи марта ёшни тенглаштиряпмиз.

Бола ҳуқуқларида яна бир муаммо мавжуд — шаръий никоҳ тузилган, лекин қонуний никоҳдан ўтмаган бўлса туғилган болалар маълум бир ҳуқуқларга эга бўлмай қолади. Бу суд томонидан белгиланиши мумкин.

Болаларнинг боғчалар билан қамраб олиш масаласида вазир Агриппина Шин айтиб ўтдики, 41 фоиз ҳолатда экан. Биз биринчи марта Миллий тикланиш демократик партиясида ўрганганимизда 13 фоиз болалар боғчаларда эди. Бу рақамлар кейин 20 фоизга, мана энди 40 фоиз даражасида кўтарилди”.

Марказ директори қонунчиликдаги камчиликлар ҳақидаги фикрларини давом эттириб, ҳозирги кунда коррупцияга қарши кураш кетаётган вақтда лоббизм ҳақидаги қонун йўқлигини қайд этган.
Айни чоғда соҳадаги муҳим ҳолатлардан бири сифатида хайрия масаласига тўхталиб, хайрия қилаётган шахсларга ҳуқуқий имтиёзлар бериш кераклигини, уларнинг солиғи камайтириб қўйилса, бундан ҳам жамият ютиши, ҳам тадбиркорга яхши бўлишига урғу берди.
Акмал Саидов “Жаслиқ” колониясининг тугатилишини нафақат миллий, балки халқаро миқёсда ҳам акс-садо берганини таъкидлади.
“Стив Свердловнинг сўзлари билан айтганда, президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий жасорати бўлди. Бу тан олиш керак, тарихий воқеа. 1999 йилда ташкил этилган Жаслиқ колониясида мен ҳам бўлганман, — деди у. —  Очиғини айтишими мумкин, бошқа турмалар билан солиштирганда яхшироқ эди. Бу жойда ҳамма шароитлар бор эди. Мен Жаслиқда қийноқлар бўлмаган деб айта олмайман. Бу жойга нисбатан узоқ вақтлар давомида жуда салбий фикрлар бўлди. Бу Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги рейтингини тушириб юборишга асосий сабабчилардан бири бўлди. Биз бундан ўзимизга дарс олишимиз керак.
Марказ директори болалар меҳнати, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири, болаларни масжидга бориши, либос масаласида ҳам гапириб ўтди.
“Халқаро ташкилотлар, турли инсон ҳуқуқи ҳимоячилари томонидан болалар меҳнати борасида статистикалар келтирилган, — дейди у. — Мен уларнинг маълумотларини келтира оламан. Унга кўра, ҳар йили Ўзбекистонда 3 миллионга яқин болалар пахтага олиб чиқилар эди. Лекин мен ушбу маълумотларга доимо ишонмаганман. Оддий арифметика бўйича ҳисобласангиз ҳам бу маълум. Оддий арифметика билан ҳисобласангиз қаердадир 5-синфдан, қаердадир 7-синфдан олинган. Шунинг ортидан 60дан ортиқ компаниялар бизга бойкот эълон қилганди. Ўйлайманки, бу ишлар сиёсий тазйиққа айлантирилган. Иқтисодий тарафдан бу АҚШ Осиё бозорида Ўзбекистонга бой берганидан, деб ўйлайман.
Қонунчиликдаги янгилик сифатида «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири ишлаб чиқилди. Ҳукумат томонидан қонунчилик палатасига келди ва ҳозир менинг қўмитамга келиб тушди. Ҳозир мен буни биринчи ўқишга тайёрлаяпман. Бу масалада барча ечимлар шу қонунда берилади. Болаларнинг масжидга бориш масаласида савол берилди. Болаларнинг асосий вазифаси бу ўқиш. Ўқишдан ташқарида ота-онаси билан масжидга боришида ҳеч қандай тазйиқ йўқ. Либос масаласига келсак, мактаб бизда дунёвий. Агар мактаб диний бўлса, мадрасами ёки Хадичаи Куброми, марҳамат ўша мактаб қоидалари бўйича кийинаверинг. Лекин дунёвий давлатда дунёвий талабларга амал қилишингиз керак. Диний либос масаласида дунёда бирор жойда аниқ тушунча йўқ. Ҳайит намозлари, ҳатто жума намозларидан олиб чиқилган ҳолатларни ҳам кўрсатди дейишяпти. Бу нотўғри. Бу нима деган гап?”
Брифингда Акмал Саидов саволлардан келиб чиқиб “снос”лар мавзусига ҳам тўхталиб ўтди:
“Мен ҳам бу масала бўйича ўз талабларимни билдирдим. Ҳокимлар фуқароларни қабул қилиши шарт дедим. Бунга ҳоким жаноблари қачон амал қилади? Хўжаевнинг уйи бузиб юборилганда Ортиқхўжаев жаноблари билан ким учрашув ташкил қилди? Ортиқхўжаев менга мурожаат қилиб, роса кесатди-ку: “Жаноб Саидов менга хат ёзди”, деб.

Ўша вақтда мен айтган гапларни бажаришганда эди, ҳозиргидек ҳолатга тушмасдик. Бир ой кўзимни очиришмаганди. Ўша раҳбарлар, катта-катталар. Мурожаат қилган одамлар менинг туғишган қариндошиммас. Менга мурожаат қилишди, ёрдам сўрашди. “Қабул қилишса бўлди. Ўзим тушунтириб оламан” дейишди. Бузилишлар қонун доирасида бўлсин дедим. Агар ўша одам қонунни бузган бўлса ҳам, уйни бузиш учун суднинг қарори бўлиши керак. Компенсацияни қилинглар дедим. Агар ўшанда ҳамма бошини кўтарганда эди, Яккабоғ, Риштон воқеалари бўлмасди. Ўзбекистоннинг юзига доғ туширган айнан шу ишлар бўлди. Хусусий мулк дахлсиз бўлатуриб шундай ҳолатлар кузатилса, хорижий сармоядорлар келадими?! Мен чет элда ишлаганман. Чет элликлар билан мулоқот қиламан. Уларнинг муносабатини биламан-ку. Қонунга, хусусий мулкка ишонч бўлиши керак. Мустақил суд бўлиши керак, мулкимни ҳимоя қила олишим керак. Шунингдек, менга биров тазйиқ ўтказмаслиги керак. Бу оддий бир одамнинг уйини бузишмас, бунинг катта сиёсий аҳамияти ҳам бор. Биз мамлакат миқёсида эмас, халқаро миқёсда фикрлашимиз керак”
Маълумот учун, шу йил 27 апрель куни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев инвестор Муҳаммадбобур Хўжаев ва унинг шериги, хусусий қурувчи Азиз Зокиров билан мулоқот ўтказганди. Унда Муҳаммадбобур Хўжаевга ўзига тегишли Риштон кўчасидаги 106-уйнинг бузилиши натижасида 600 киши ишсиз қолиб, тадбиркор 1,35 миллион доллар зарар кўргани бўйича масалалар ўртага ташланиб, икки томон музокара олиб борган. Учрашув аввалида ҳоким Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон миллий маркази раҳбари Акмал Саидов томонидан юборилган хатни ўқиб эшиттирганди. Хатда тадбиркорнинг шикояти ўрганиб чиқилиши ҳамда ОАВда тарқалаётган хабарларни қонуний ва адолатли кўриб чиқиш сўралган.
Анжуманда Акмал Саидов уйларни ноқонуний бузилмаслигини биринчи бўлиб Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ апрель ойида кўтариб чиққанини таъкидлади, деб ёзади Daryo.uz.
“Хусусий уй муқаддас-ку, судни қарорисиз уйни бузиш мумкин эмас. Бунга ҳоким жаноблари қачон амал қилади? Хўжаевнинг уйи бузиб юборилганда Ортиқхўжаев жаноблари билан ким учрашув ташкил қилди? Ортиқхўжаев менга мурожаат қилиб, роса кесатди-ку: “Жаноб Саидов менга хат ёзди”, деб. Мен оддий фуқаро келса ҳам ёзаман, қабул қилинг, деб айтдим, қабул қилди. Ўшанда ҳаммаси тўхтаб, қолганлар ҳам қулоқ солганда эди, ҳозирги кундаги аҳволга келмас эдик. Ҳамма катта-катта раҳбарлар Саидов шунақа дебди деб, бир ой мени кўзимни очирмади. Тадбиркор туғушган қариндошим эмас, келиб: “Ёрдам беринг, ҳоким мени қабул қилса бўлди, масалани тушунтириб бераман’, деди. Хатда бузилишлар қонун доирасида бўлишини ёздим. Қуришда қонун бузилган бўлса, уйни бузиш керакдир? Лекин суд қарори билан бузиш керак! Қурилиш қоидалари бузилган бўлса, у мени ишим эмас, уни тартибга солувчи экспертизаси ва бошқа тегишли идоралари бор. Лекин бузилган уйнинг маблағини ким қайтаради? Бузишга бузибсизлар, майли, компенсациясини тўлаб беринглар, қурувчи пул сарфлаган-ку дедим”, — деди Саидов.
Марказ раҳбарининг таъкидлашича, агар ўша вақтда ҳамма бош кўтариб, бунга қарши чиққанида, балки ҳозиргидек Яккабоғдаги ҳоким ўринбосарига ўт қўйишлар, Риштондаги дод-войлар, Урганчдаги каби катта эътирозлар бўлмас эди.
“Газак олиб кетди. Ҳеч ким индамади, фақат мени бир ой кўзимни очиришмади. Агар ўшанда тўхтатилганда, бошқалар ҳам қулоқ солганда, ҳозирги кундаги нохушликлар бўлмасди. Ўзбекистоннинг халқаро обрўсига катта доғ туширган ҳаракатларни биттаси шу бўлди. Халқаро даражага чиқиб кетишига ўзимиз шароит яратиб бердик. Хусусий мулк дахлсиз бўлмаса, хорижий сармоядор келадими? Инвестор: “Ўзбекистонда ҳозир қурилган уй бузиб ташланаётган экан, қандай борман?”, дейди. Мен чет элда ишлаганман, чет элдаги ҳамкасблар билан мулоқот қиламан, уларни қонунга, хусусий мулкка муносабатини биламан-ку. Эртага мулкини ҳимоя қила олишига ишонч берувчи мустақил суд ва таъзиқ ўтказмасликларига асос керак. Шунда Ўзбекистонга биров келади. Битта одамнинг уйини бузишнинг катта сиёсий аҳамияти ҳам бор. Биз мамлакат миқёсида эмас, халқаро миқёсда фикрлашимиз лозим”, — деди марказ раҳбари.

Аввалроқ тадбиркор Муҳаммадбобур Хўжаев ва Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев учрашувидан сўнг Давлат солиқ қўмитаси солиқ қонунчилигини бузгани иддао қилинган тадбиркор ишини ўрганишни бошлагани хабар қилинган эди. Лекин ўрганиш натижалари эълон қилингани йўқ.