АМЕРИКАЛИК ВАТАНДОШЛАРИМИЗ БИЛАН ЎТКАЗИЛГАН МАТБУОТ АНЖУМАНИ

Жорий йилнинг 24 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида Чикаго шаҳридаги “Ўзбек-Америка ассоциацияси” президенти Олим Шарипов раҳбарлигида бир гуруҳ ўзбек ватандошларимиз билан учрашув бўлиб ўтди.

Қўмита раиси Рустамбек Курбанов меҳмонларни самимий қутлаб, уларга Қўмитанинг фаолияти ҳақида маълумот берди. Америкалик ватандошлар Америкада ўсиб келаётган ўзбек ёшларига ўзларининг тарихий ватанларига келиб-кетишига катта ҳисса қўшган турли ташкилот ва идоралар, шу қаторда Қўмита ходимларига миннатдорчилик билдирди.

 

 

Учрашувдан сўнг меҳмонлар Темурийлар тарихи Давлат музейига ташриф буюришди ва Буюк давлат арбоби, Соҳибқирон Амир Темур ҳаёти билан танишиб чиқишди.

 

 

Куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон Миллий матбуот марказида мазкур ташриф якунларига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди. Унда Чикаго шаҳридаги “Ўзбек-Америка ассоциацияси” президенти Олим Шарипов раҳбарлигида бир гуруҳ ўзбек ватандошларимиз, дўстлик жамиятлари мутасадди ходимлари, турли вазирлик ва ташкилотлардан таклиф этилган меҳмонлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Анжуманда Қўмита раиси ўринбосари К.Ишанходжаев мазкур ташкилотниг фаолияти ҳусусида маълумот бериб, мазкур ташрифни амалга ошириш билан боғлиқ ишлар юзасидан ахборот берди.

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси Америка Қўшма штатларида истиқомат қилаётган ўзбек ватандошлар раҳбарлари ва фаоллари билан “АҚШдаги ватандошлар билан маданий ва маърифий алоқаларни йўлга қўйиш” масалаларида қатор амалий ишларни амалга оширмоқда.

Бу йўналишда Қўмита томонидан АҚШдаги ватандошлар билан қатор  видеоконференциялар ташкил этилди, мунтазам мулоқотлар олиб борилди. Видеоконференция натижасига кўра, тегишли вазирлик ва ташкилотлар билан келишилган ҳолда АҚШда яшовчи ватандошларнинг таклифларини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик дастури ишлаб чиқилган эди.

 

Дастур доирасида жорий йилнинг 8 июль куни Чикаго шаҳридаги “Ўзбек-Америка ассоциацияси” президенти Олим Шарипов раҳбарлигида бир гуруҳ ўзбек ватандошларимизнинг фарзандлари тарихий юртларига ташриф буюришди. Улар 20 кун давомида Ўзбекистонда меҳмон бўлишди, қариндошлари билан учрашиб, Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани “Юсуфхона” қишлоғидаги “Ёшлик” болалар оромгоҳида ёзги татил мавсумида хордиқ чиқариб дам олиб келишди, ташрифнинг якуний қисмида Самарқанд шаҳрига сафар уюштирилади.

Мазкур ташриф Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Марказий Кенгаши, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси, “Ўзбекистон — Америка” дўстлик жамияти ҳамкорлигида амалга оширилди.

 

Болалар оромгоҳида ватандошларимиз фарзандлари хордиқ чиқариб дам олиб қайтишди. Маданий-маърифий тадбирлар, таниқли маданият ва санъат арбоблари билан ижодий учрашувлар, спорт мусобақалари, саёҳатлар каби қизиқарли тадбирлар уларга она тилларини мукаммал эгаллашда ва бу ерда кўплаб дўстлар отрттиришга яхши имкон яратди. Бундай ижодий учрашувлардан бири Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Умида Абдуазимова билан бўлиб ўтди.

Шоира учрашув чоғида ўз ижодидан намуналар ўқиб берди, болаларнинг саволларига жавоб берди. Тадбир доирасида болаларга Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси томонидан танлаб олинган 40 дона ўзбек тилидаги бадиий китоблар совға қилинди.

Чикаго шаҳридаги “Ўзбек — Америка” Ассоциацияси президенти Олим Шарипов ўз нутқида мазкур ташрифни амалга оширишда бош-қош бўлган барча ташкилот ва идораларга чуқур миннатдорчилик изхор этиб, анжуман иштирокчиларига бу каби тарихий ташрифларни мунтазам ташкиллаштиришга ўз ҳиссаларини қўшишини  айтди.

 

Элдор Ашуров, гуруҳ раҳбари “Ўзбекистон – 24” телеканалига ўз фикрларини билдириб, жумладан шундай деди: “Ёшлик” оромгоҳига келганимизда бизни жуда яхши кутиб олишди. Бу ерда барча шароитлар мужассам. Болаларнинг кайфияти аъло, чунки улар учун ота-боболарининг юртига келиб яқиндан танишиш имкони яратилганидан чексиз ҳурсандлар. Бу ерга келишдан олдин бир оз қўрққан эдик, чунки болаларнинг кўплари ўзбек тилини яхши билишмайди ва бу ерда кўника олишмайди деб ўйлаган эдик, бироқ, болаларимиз келган куниданоқ, ўзларига дўстлар орттиришди, тенгқурлари билан танишиб телефон рақамлари билан алмашиб олишди. Бундан биз бехад ҳурсандмиз. Ўзбек тилининг бойлиги ва мукаммаллигини фарзандларимизга уқтиришга ҳаракат қиламиз, лекин ўзимиз шоир, ёзувчи бўлмаганлигимиз учун кўп нарсалар тўлиқ етиб бормайди. Шоир ва адиблар билан бўлиб ўтадиган жонли мулоқотлар болаларда катта таассурот қолдирди. Фурсатдан фойдаланиб, шундай дам олишни ташкил қилган барча вазирлик ва идораларга ўзимизнинг чуқур миннатдорчилигимизни билдириб қоламан. Миллатлараро муносабатлар ва хорижий давлатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси билан ўрнатган ҳамкорлигимиз янада равнақ топади ва келгуси йилларда ҳам бундай тадбирларни кўплаб ташкил қилишга ишонч билдириб қоламан. Шу ишларни амалга оширсак, бизнинг фарзандларимиз ўз тарихий ватанига меҳрлари ошади, юртига бўлган муҳаббат туйғуси шаклланади, ўз она тилларини мустаҳкам билиш имкони яратилади, тарихни ўрганиб миллий ғурури уйғонади”.

 

Матбуот анжуманида “Ўзбек-Америка” жамияти раҳбари Олим Шарипов мазкур ташрифни амалга оширишда катта ҳиссаларини қўшган вазирлик ва идораларга чуқур миннатдорчилик билдириб, жумладан шундай деди: “Жамиятимиз Америкада яшаётган ўзбек фуқаролари орасида она тилимизни, маданиятимизни, урф-одатларимизни сақлаш, болаларимизни ўзбекона руҳда тарбиялаш ва америкаликларга Ўзбекистонни фақат яхши томондан таниттириш мақсадида тузилган. Биз миллатимиз учун холис меҳнат қиламиз деб аҳд қилганмиз ва шу амалида фаолият юритамиз. Тадбирларимиз жуда кўп, жумладан, америкаликларни Ўзбекистон тарихи, маданияти, турмуш тарзи билан таништириш, Америкада вояга етаётган ўзбек ёшларини ўз тилларини, урф-одатларини, анъаналарини унитмасликлари учун турли тадбирлар ташкил этиш. Бу борада ўз маданият марказимизда ўзбек тилидан дарслар, одобнома фанларидан сабоқ берамиз. Мақсадларимиз – Чикагодаги ўзбек мактабининг Ўзбекистондаги мактаблар билан алоқаларини боғлаш.

 

Анжуманда Америкалик ўзбек болалари она тили ҳақида ёзган шеърларидан намуналар ўқиб беришди.

Мен ўзбекман, ўзбекман,

Ўз-ўзимга мен бекман,

Тил йўқолса мен ҳечман,

Мен ақлли бўламан,

Мен ўзбек бўлиб қоламан.

 Ўзбек тилим – менинг тилим,

Она тилим жону дилим,

Омон бўлсин ўзбек элим,

Жон дилимдан қувонаман,

Ўзбек бўлиб қоламан.

 Анжуманда меҳмонлар томонидан таклифлар берилди. Америкага кўчиб кетган ватандошларнинг энг катта ташвиши ўсиб келаётган ёш авлоднинг ўз тили, дини ва маданиятини эсидан чиқармаслик борасидаги сайи-ҳаракатларни амалга ошириш. Ечилиши талаб этиладиган муаммо, бу мактабларда очилган махсус ўзбек синфлари учун ўқув қўлланмалар, болалар учун бадиий адабиётлар, Ўзбекистон ҳақидаги турли фильмларни етказиб бериш. Буларнинг ҳаммаси Америкадаги ватандошларимиз болалари ва набираларининг она юртлари Ўзбекистон билан ришталарини боғловчи кўприк бўлиб хизмат қилади дея таъкидлашди.

 

 

Матбуот анжумани доирасида иштирок этган вазирлик ва ташкилотлар мутасадди ходимлари ва Чикаго шаҳридаги “Ўзбек-Америка ассоциацияси” раҳбарлари мазкур ташрифни амалга ошириш билан боғлиқ ишлар юзасидан журналистларга атрофлича маълумот беришди. Жумладан, Ўзбекистон металлургия ва машиносозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раис ўринбосари Исроилов Шоикром Шоумарович,  “Ўзбекистон — Америка” дўстлик жамияти раиси ўринбосари Охунова Гулчеҳра Назаровна,  “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МА туризм хизмати етакчи мутахассиси Адолат Дусановалар ташрифни ташкиллаштиришда қилинган ишлар юзасидан маълумот беришди.

Дастур доирасида маърузалар якуни бўйича Қўмита раиси ўринбосари К.Ишанходжаев, матбуот котиби Ғ.Шукуров ва “Ўзбек-Америка” Ассоциацияси президенти Олим Шариповлар журналистларнинг саволларига жавоб беришди.

Матбуот анжумани МТРКнинг “Ўзбекистон — 24”, “Ёшлар”, “Маданият ва маърифат” каналлари, Ўзбекистон Электрон ОАВ Миллий ассоциациясининг “Менинг юртим”, “Узрепорт” каналлари мухбирлари шунингдек, радио, босма ва электрон ОАВ ходимлари томонидан ёритилди.

Тадбир иштирокчилари амалга оширилган ишлар албатта ўз самарасини беради ва Америкалик ёшларнинг ўз тарихий ватанига меҳрлари ошиши, юртига бўлган муҳаббат туйғусининг шаклланиши, ўз она тилларини мустаҳкам билиши, тарихни ўрганиб миллий ғурурининг уйғонишига хизмат қилишини таъкидлашди.