Абай асарларини ўзбек тилига моҳирона таржима қилган ижодкорга автомобиль берилади

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 13 мартдаги “Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида”ги қарори асосида ҳамда 2019 йил Ўзбекистонда Қозоғистон йили муносабати билан мамлакатимизда кўплаб маърифий тадбирлар, адабий учрашувлар ўтказилмоқда.

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида “Абай ва ўзбек адабиёти” номли доимий экспозиция фаолият юритмоқда. Ўтган йилдан буён буюк шоир туғилган сана – 10 август куни Тошкент шаҳрида ўрнатилган Абай Қўнонбоев ҳайкали пойида мушоира, ёшлар ўртасида кўплаб тадбирлар уюштирилмоқда. “Абай асарларининг билимдони” иншолар кўрик-танлови ўтказиш ҳам анъана тусини олмоқда.
Бу йил Абай асарлари, насиҳатлари ва беқиёс меросини ўзбек тилига моҳирона таржима қилган ва 1-ўринга муносиб кўрилган ижодкор автомобиль билан тақдирланади.
Қолган ўрин соҳибларига ҳам Қозоғистоннинг мамлакатимиздаги элчихонаси ва Қозоқ миллий маданий маркази томонидан қимматбаҳо совғалар берилади. Тақдирлаш маросими 10 август куни ўтказилиши режалаштирилган.
ЎзА