Япония журналида Ўзбекистон 2019 йилда саёҳат қилиш учун энг муносиб 30 таликка киритилди

Токио шаҳридаги Ўзбекистон элчихонаси ва Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда «Globe-Trotter The Latest Travel Trends 2019» номли япон тилидаги журнал нашр этилди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хабар берди.

Фото: Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Нашрда Ўзбекистон 2019 йилда саёҳат қилиш учун энг муносиб 30 та давлатлардан бири сифатида тавсия этилган.

Шунингдек, журналда Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз каби қадимий шаҳарларга таъриф бериш орқали Буюк Ипак йўлининг тарихи билан таништирувчи рамзий маънодаги саёҳат уюштирилган.

Фото: Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

«Қадимги шаҳарларнинг кўриниши, бу ердаги ўзига хос ҳаёт тарзи ташриф буюрувчиларни лол қолдиради. Қум ва мовий гумбазлар шаҳри – Хивани айланганингизда эса, кўз олдингизда чўл тарафдан қаторлашиб келаётган туялар карвони намоён бўлади. Шаҳардаги тарихий обидаларнинг ноёб, ўзига хос қурилиш услуби тарихни яққол сўзлаб бераётгандек, гўё», — дейилади «Мовий шаҳар ва тарихий маданий мерослар» мақоласида.

Фото: Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Бундан ташқари, журналда Ўзбекистоннинг миллий таомларига ҳам алоҳида тўхтаб ўтилган бўлиб, ҳар бир вилоятнинг таомлари ўзига хос услубда тайёрланиши, турли хилдаги миллий таомлар ҳеч бир сайёҳни бефарқ қолдирмаслиги қайд этилган.

Фото: Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

«Globe-Trotter The Latest Travel Trends 2019»нинг сўнгида «Қадимий шаҳарларнинг салобати ва мўъжизакорлигига гувоҳ бўлиш учун сиз хам, албатта, Ўзбекистонга ташриф буюринг!» дея таъкидланган.