«Бу жуда оғир масала» — ТИВ ўринбосари қўшни давлатлардан ўқишни кўчириш масаласига тўхталди

Айни пайтда қўшни мамлакатларда таълим олаётган ўзбекистонлик талабаларнинг ўқишини Ўзбекистонга кўчириш бўйича Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондаги расмийлар билан музокаралар олиб борилмоқда. Яқинда бу борадаги бир қанча муаммоларга ечим топилиши кутиляпти. Бу ҳақда 14 февраль, жума куни, ТИВ томонидан журналист ва блогерлар учун ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири Миролим Исажонов.

Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматовнинг фикрича, қўшни давлатлардаги ОТМларда таҳсил олаётган фуқароларнинг ўқишини республикага кўчириш жараёнида сиёсий маъно, сиёсий омил умуман йўқ.

«Чет элларда ўқиётган ёшларимизнинг ота-оналари фарзандлари юртимиздаги олийгоҳларда ўқиб, яқинлари бағрида юришини сўраб, кўп йилдан бери талаб қиларди. Авваллари Олий таълим вазирлиги чет элда ўқиётган фуқароларимизга ўқишини кўчиришга йилда бир марта, ёзда рухсат берарди. Бу йил ана шу талаблардан келиб чиқиб, қишда ҳам розилик берилди.

Бу бўйича ОАВда хабарлар тарқатилганидан кейин ва ундан олдин Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистондаги элчихоналар, консуллик бўлимлари — ҳаммалари музокаралар олиб боряпти.

Бу жуда оғир масала. Қозоғистонинг Чимкентида 7—10 мингдан ортиқ фуқароларимиз ўқийди. Қозоғистонда жуда кўп. Қирғизистон ва Тожикистонда ҳам худди шундай. Элчилар билан ҳар куни ўзим гаплашяпман. Улар шуғулланяпти, олий ўқув юртлари ректорлари ва вазирлари билан суҳбатлашиб, музокаралар олиб боряпти.

Хабарларингиз бор, кўчириш муддати 15 мартгача узайтирилди. Ўзимизда ҳар йили ОТМларга 60—65 минг одам қабул қилинади. Буни кўпайтириш бўйича давлатимиз раҳбари томонидан вазифа қўйилган. Ҳақиқатдан квоталар сонини кўпайтирмасак бўлмайди. Чунки бизда 34 миллион аҳоли мавжуд ва бу рақам тобора ортиб боряпти. Ўқишга талаб жуда кўп. Бизнинг олий таълим вазиримиз қўшни мамлакатлар олий таълим вазирлари билан яна бир бор учрашиб, гаплашади.

Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистонда қонун борки, биринчи семестрни ёки биринчи курсни тамом қилмасдан туриб, кўчириш мумкин эмас. Ёки бўлмаса, охирги курсни кўчириш мумкин эмас. Шундай ҳолатлар борки, масалан, талабалар ўқишни бошлаганидан кейин бир йилга пул тўлаб қўяди. Ўқиш ярмига келганидан кейин пулини қайтариб бермайди-ку. Шунинг учун мана шу муаммолар бор. Ҳозирги кунда музокаралар олиб бориляпти. Ўйлайманки, музокаралар натижасида бу муаммолар ҳаммаси ҳал бўлади», — деди Илҳом Неъматов.