2020 йил

Коронавирус инфекциясини юқтирган беморларни даволашда иштирок этаётган тиббиёт ходимлари рағбатлантирилади

Президентимиз Шавкат Мирзиёев коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишни кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида аҳолини ижтимоий ва тиббий муҳофаза қилишни кучайтириш ҳамда бизнес вакилларини қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирларни белгилаб берди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Президент расмий веб-сайтида эълон қилинган маълумотга асосланиб.

Унга кўра:

– Соғлиқни сақлаш ва молия вазирликларига 300 мингта экспресс-тест ва 500 та сунъий нафас олдириш аппарати харид қилиш, хавф юқори бўлган аҳоли пунктларида кўчма лабораториялар ташкил этиш вазифаси қўйилди.

– Тиббиёт ниқоблари ишлаб чиқаришни кунига 5 миллион донага етказиш бўйича топшириқлар берилди.

– Давлат органлари ва нодавлат ташкилотлар ўз ходимларининг камида 50 фоизини ҳақ тўланадиган таътилга чиқариши, қолганлар масофадан ишлашга ўтказилиши зарурлиги таъкидланди.

– Сурункали касалликка чалинганлар ҳамда 60 ёшдан ошганлар ташқарига чиқмаслиги, бундай ходимлар 100 фоиз меҳнат таътилига чиқарилиши тавсия этилди.

– Ўзбекистонга олиб кирилаётган дори-дармонлар, субстанциялар, тиббий техника ва бошқа зарур товарларни божхона тўловларидан, шу жумладан, қўшилган қиймат солиғидан озод қилиш бўйича кўрсатмалар берилди.

– 1 октябрга қадар тадбиркорларнинг фойдаланилмаётган объектларига нисбатан мол-мулк ва ер солиғининг оширилган ставкалари қўлланилмайди.

– 1 ноябрга қадар коронавирус пандемияси туфайли молиявий қийинчиликларни бошидан кечираётган корхоналар банкрот, деб эълон қилинмайди.

– Карантин муддати давомида тадбиркорлик субъектлари фойдаланаётган 3 минг 600 дан ортиқ давлат мулки объектлари бўйича ижара ҳақларини ундириш тўхтатилади.

– Барча лойиҳалар доирасида инвестициявий мажбуриятларни бажариш муддатлари 6 ойга узайтирилади.

– Карантин даврида тадбиркорларнинг ҳисоб рақамини тўхтатиб қўйиш тақиқланади.

– Аҳолига товарларни етказиб бериш ҳамда ташиш хизматларини кўрсатиш учун лицензия олиш талаби вақтинчалик бекор қилинади.