2021 йил

Россияда йирик лойиҳаларни амалга ошириш учун меҳнат муҳожирлари етишмаётгани маълум қилинди

Россияда COVID-19 пандемияси туфайли сезиларли даражада камайган меҳнат муҳожирларининг сони мамлакатдаги йирик лойиҳаларни амалга ошириш учун етарли эмас. Бу ҳақда президент матбуот котиби Дмитрий Песков айтиб ўтди, деб ёзади «РБК».

Россияликларнинг муҳожирларга муносабати ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Песков ушбу мавзу бўйича социологик тадқиқотлар натижалари билан таниш эмаслигини айтди.

«Мен фақат шуни айтишим мумкинки, бир йил ичида муҳожирлар сони жуда камайиб кетди. Бизда улкан режаларимизни амалга ошириш учун меҳнат муҳожирлари ҳақиқатан ҳам етишмаяпти», — деди давлат раҳбарининг матбуот котиби. Унинг сўзларига кўра, гап қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги янги лойиҳалар ҳақида бормоқда. «Пандемия сабабли уларнинг сони камайган. Шунинг учун муҳожирларнинг етишмаслиги шубҳасиз», — дея таъкидлади Песков.

 Президент матбуот котиби муҳожирларнинг фарзандларини рўйхатдан ўтказиш ҳақида гапирар экан, ҳукумат уларнинг кимлиги ва сони қанча эканини билиши кераклигини айтди. «Шунингдек, албатта, Россия давлат сифатида муҳожирларнинг фарзандлари учун шароит яратиб бериши керак, шунда улар кўп миллатли, турли эътиқодли рус жамиятига мослашиши мумкин», — дея қўшимча қилди Песков.

Март ойи охирида Владимир Путин Россия мактабларидаги муҳожир болалар улуши билан боғлиқ вазиятни кузатиб бориш зарурлигини айтган эди. «Баъзи Европа мамлакатлари ва АҚШда мактабдаги муҳожир болалар даражаси маълум фоизга етганидан сўнг маҳаллий аҳоли ўз фарзандларини мазкур мактаблардан олиб кетади. Ушбу мамлакатларда деярли 100 фоиз муҳожир болалардан иборат мактаблар ташкил этилган. Россияда ҳар қандай вазиятда ҳам бундай ҳолатларнинг ривожланишига йўл қўйилмаслиги керак», — деди Путин.

Путиннинг таъкидлашича, муҳожир болаларнинг мактаблардаги улуши уларни расмий равишда эмас, балки рус тили ва маданий муҳитига мослашишига имкон бериши керак.

Россия Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2020 йилда Россиядаги муҳожирлар сони 6,3 миллион кишига — деярли икки бараварга камайди, илгари мамлакатда ўртача 9-11 миллион муҳожир бўлган. Тахминан, бир миллион муҳожир мамлакатда яшаш учун гувоҳнома ёки вақтинчалик яшаш учун рухсатномага эга.

Россия Ички ишлар вазирлиги чет эл фуқароларини рўйхатдан ўтказиш учун муҳожирларга давлат хизматларини электрон шаклда олиш имконини берадиган ягона ахборот платформаси яратилишини маълум қилди. Яратилаётган тизимда муҳожирларнинг рақамли профиллари очилади. Профиллар чет эл фуқаросининг ҳуқуқий ҳолати, унинг биометрик маълумотлари, яшаш ва иш жойи тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олади. Шунингдек, вазирлик «алоҳида вазиятларга тушиб қолган» ноқонуний муҳожирларни расмийлаштиришни соддалаштириш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқмоқда.

Аввалроқ Россия Қурилиш вазирлиги ва коммунал хизматлар бошқармаси мигрантларнинг қурилиш ишларига келишлари учун мамлакатга кириш шартларини соддалаштиришни сўраган ва бир қатор таклифлар берган эди.