2021 йил

Ўзбекистон уйғур маданий марказининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.

Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида жорий йилнинг 25 апрель куни Ўзбекистон уйғур маданий марказининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон уйғур маданий марказининг фаоллари, мамлакатимиз ҳудудларидаги филиалларидан келган 51 нафар делегат, оммавий ахборот воситалари вакиллари, таклиф этилган Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳамда Республика туркман, қозоқ, қирғиз, яҳудий миллий маданий марказлари раҳбарлари меҳмон сифатида иштирок этдилар.

Ҳисобот-сайлов конференциясида кун тартибидаги Ўзбекистон уйғур маданий маркази раисининг 4 йиллик фаолияти ҳақидаги ҳисоботи, Марказ тафтиш комиссиясининг ҳисоботи, Марказ ҳайъати аъзоларини сайлаш, Марказ тафтиш комиссияси аъзоларини сайлаш ҳамда Ўзбекистон уйғур маданий маркази раисини сайлаш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.

Амалдаги Ўзбекистон уйғур маданий маркази раиси Ҳ.Баратова ўз ҳисоботида уйғур тили, маданияти, анъаналари ва урф-одатларини сақлаш ва ривожлантириш мақсадида сўнгги тўрт йил мобайнида унинг раҳбарлигида жами 100 тадан ортиқ турли тадбирлар ташкил этилганлигига эътиборни қаратди. Жумладан, Республика даражасида 8 марта турли миллий байрамлар кенг нишонланиб, 50 тадан ортиқ маданий-маърифий тадбир ўтказилди.

Марказ қошида “Гулдаста” ансамбли ташкил этилган бўлиб, ҳар йили июль ойида пойтахтимизнинг “Туркистон” санъат саройида жамиятда кўп миллатли катта оила ҳис-туйғусини, республикамизда яшаётган турли миллат ва элат вакиллари ўртасида дўстлик ва тотувликни янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга қаратилган “Ўзбекистон умумий уйимиз” шиори остида ватанпарварлик концерт дастури намойиш этилади.

Ўзбекистонда яшаб ўтган ва истиқомат қилаётган миллат ва элатларнинг жаҳон цивилизациясини ривожлантиришга бебаҳо ҳисса қўшган атоқли намояндалари маънавий-маданий ва илмий меросини кенг тарғиб қилиш мақсадида Марказ томонидан 2019 йилда улуғ уйғур мутафаккири Юсуф Ҳос Ҳожиб таваллудининг 1000 йиллигига бағишлаб китоб чоп этилди.

Миллатлараро муносабатлар соҳасида амалга оширилаётган давлат сиёсатини марказий ва маҳаллий телерадиоканаллар, газета ва журналларда ёритиш борасида тизимли ишлар амалга оширилган. Жумладан, Ўзбекистон Уйғур маданий маркази муассислигида 2017 йилдан буён юртимизда “Такли Макан” журнали чоп этилмоқда.

Марказ жамиятда дўстлик, ҳамжиҳатлик ва жипслик муҳитини янги даражага кўтаришга қаратилган турли хил танловларнинг ҳам фаол иштирокчисидир. Масалан, Марказ 2018 йилда Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фондининг 30 миллион сўмлик “Фахримсан, ғуруримсан она Ўзбекистон” мавзусидаги давлат гранти ғолиби бўлди.

Сирдарё вилоятида табиий офатдан жабр кўрган ҳамюртларимизни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2020 йилнинг май ойида ташкил этилган “Биз – Сирдарё билан биргамиз” номли хайрия акциясида ҳам Ўзбекистон Уйғур маданий маркази меҳр-саҳоват намунасини кўрсатди. Жумладан, ҳомийларни жалб қилган ҳолда 30 та юк машинасида кўнгиллилар ёрдамга юборилиб, жабрланганларга кийим-кечак ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Пандемия даврида ижтимоий кўмакка муҳтож 60 нафар оилага 24 миллион сўмлик моддий кўмак кўрсатилди. Бундан ташқари Сирдарёлик бир нафар кам таъминланган фуқаро фарзандининг жарроҳлик амалиёти учун 20 миллион сўм ажратилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Уйғур маданий маркази халқаро майдонда ҳам ўзининг маданий фаоллигини намойиш қилди. Жумладан, “Гулдаста” ансамбли 2017 йилда Қозоғистоннинг Нурсултон шаҳрида бўлиб ўтган мақом фестивалида фахрли 2-ўринни олди. 2019 йилда Россия Федерациясидаги туркий халқлар учун ташкил этилган Наврўз байрамида иштирок этди.

Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик

 

алоқалари қўмитаси раиси ўринбосари Азамат Тошев ўзининг маърузасида миллий маданий марказларнинг асосий вазифаси мамлакат суверенитетини мустаҳкамлаш, давлатнинг ҳудудий яхлитлигини таъминлаш мақсадларига эришишдек олийжаноб ғоя атрофида миллатларни бирлаштириш орқали Ўзбекистоннинг барқарор ривожланишига ҳисса қўшишдан иборатлигини қайд этди. Ўзбекистонда яшаётган барча миллатлар, жумладан уйғурлар учун тенг ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари яратилган.

Шунингдек, марузачи Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан юртимиздаги миллий маданий марказларнинг Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, дўстлик муҳитини ва кўпмиллатли ягона оила туйғусини мустаҳкамлашга қаратилган фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун Республика Давлат бюджетидан 2020 йилда 2 млрд. сўм, 2021 йилда эса 7 млрд. сўм маблағ ажратилганлигига эътиборни қаратди.

Шундан сўнг Марказ тафтиш комиссиясининг ҳисоботи эшитилди. Тадбир доирасида 51 нафар делегатлар орасидан 19 нафар Марказ ҳайъати аъзолари сайлаб олинди. Ҳисобот-сайлов конференциясида ташкилий масала кўрилди. Ўзбекистон уйғур маданий маркази раиси лавозимига делегатлар томонидан 3 кишининг номзоди кўрсатилди. Яширин овоз бериш йўли билан Ўзбекистон уйғур маданий марказининг раиси сайлови ўтказилди. Бугунги кунгача Ўзбекистон уйғур маданий марказига раислик қилиб келаётган Ҳалима Баратова 18 та овоз тўплаб, кўпчилик овоз билан ушбу лавозимга яна қайта сайланди. Бир нафар делегат бетарафлигини билдирди.

Тадбир давомида Ўзбекистон уйғур маданий маркази ва Қўмита раҳбарияти томонидан иштирокчилар ва журналистларнинг саволларига аниқ ва тўлиқ жавоб қайтарилди.

Ўзбекистон уйғур маданий маркази ҳисобот-сайлов конференцияси амалдаги қонун ҳужжатлари ва Марказ устави талабларига мос равишда, очиқ ва ошкора тарзда бўлиб ўтди.