2022 йил Bosh-sahifa-kir

Ўзбекистон корейс маданий марказлари уюшмаси ташкил этилганининг 30 йиллиги давом байрами давом этмоқда

Аввал хабар берганимиздек, бу йил Корейс диаспорасининг Ўзбекистонда истиқомат қилаётганлигига 85 йил,  Ўзбекистон корейс маданий марказлари уюшмаси ташкил этилганига 30 йил тўлди.

Ўзбекистон Республикаси ҳукуматнинг тегишли фармойишига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан Ўзбекистон корейс маданий марказлари уюшмаси билан ҳамкорликда жорий йилнинг 24-27 ноябрь кунлари мамлакатимизда байрам тадбирлари ўтказилиши белгиланди.

Ишлаб чиқилган юбилей дастури доирасида Тошкентдаги дўстлик боғидаги корейс халқининг бағрикенг ўзбек халқига миннатдорчилиги сифатида ўрнатилган барельеф пойига гул қўйиш маросими бўлиб ўтди.

Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг бир гуруҳ ходимлари, Корея Республикаси делегацияси аъзолари, Россия, Қозоғистон ва Қирғиз Республикасидан келган меҳмонлар, Ўзбекистон корейс маданий марказлари уюшмаси фаоллари барельеф пойига гулчамбарлар қўйишди.

Ўзбек ва корейс халқларининг дунёқараши ва урф-одатлари ўхшаш. Мамлакатларимиз энг қийин даврларда бир-бирини қўллаган. Бугун Ўзбекистонда яшаётган 180 мингдан зиёд корейс диаспораси кўп миллатли жамиятимизнинг ажралмас қисмига айланган. Корейс маданият марказлари уюшмаси, вилоятларда унинг бўлинмалари фаолият юритмоқда. Уюшма юртимизда ва хорижда корейс тили, маданияти, урф-одат ва анъаналарини сақлаш ва ривожлантириш бўйича фаол иш олиб бормоқда.

2017 йили Ўзбекистонда корейс миллати вакиллари яшаётганининг 80 йиллиги муносабати билан пойтахтимиздаги «Дўстлик» боғида ёдгорлик монументи очилди. Пойтахтимизнинг марказий кўчаларидан бирига Сеул номи берилди. Корейс халқининг маънавий-маданий меросини сақлаш ва ривожлантириш мақсадида Корея Республикаси ҳукумати томонидан Тошкент шаҳрида Корея маданияти уйи қуриб битказилди. Ушбу маскан халқларимиз абадий дўстлигининг яна бир ёрқин тимсоли бўлади.