1 октябрь хитойликларнинг асосий давлат байрами – Хитой Халқ Рeспубликаси ташкил этилган кун. Унинг аҳолиси бўйича дунёда биринчи ўринда турувчи мамлакат фуқаролари ҳар йили катта тантана билан қарши олишади.
Байрам тарихига бир назар
Бундан роппа-роса 70 йил олдин – 1949 йил 1 октябрда Пекиндаги “Самовий осудалик дарвозалари” маъносини англатувчи Тяньаньмэнь майдонида Хитой Халқ Республикаси ташкил этилгани эълон қилинди. Шу тариқа анъанавий равишда Хитой халқининг рамзий юраги сифатида эътироф этилувчи бу майдонда Мао Цзэдун 70 йил илгари пойтахти Пекин бўлган замонавий Хитой давлатига асос солди.
Худди шу куни бу майдонда Мао Цзедун Хитойнинг давлат байроғини шахсан ўзи тантанали равишда кўтарди. Самода Хитой Халқ Республикасининг байроғи ҳилпирай бошлади. Мамлакатнинг бош майдонидаги ушбу йирик намойиш ва байрам тадбирларида Хитойнинг 300 мингдан ортиқ аҳолиси ва аскарлари иштирок этди.
Орадан бироз вақт ўтгач, 1949 йилнинг 2 декабрига келиб, Марказий халқ ҳукумати 1 октябрни миллий байрам сифатида нишонлаш ҳақида қарор чиқарди. Натижада 1 октябрь санаси расман хитойликларнинг миллий байрами – Республика эълон қилинган кунга айланди. Хўш, хитойликлар бу кунни қандай нишонлашади?
Тантанадаги ҳарбий намойиш анъанаси
Ўтган асрнинг эллигинчи йилларида Тяньаньмэнь майдонида ҳарбий парадлар ўтказиш байрам тантаналарининг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Бироқ 1959 йилдан сўнг мамлакат ҳукумати ҳарбий техника намойишини фақат “яхлит” рақамли саналарда ўтказишга қарор қилди. Мамлакатда 1966–1977 йилларда ўтказилган “маданий инқилоб” натижасида ҳарбий парадлардан мутлақо воз кечилди.
Бироқ 1984 йилда Хитой Халқ Республикасининг 35 йиллигида ушбу анъана қайта тикланди. Сўнгги йиллардаги охирги бундай парад 2009 йилда ташкил этилди. Унда Хитой армиясидаги энг сўнгги ҳарбий техника намуналари намойиш этилган эди.
Бугун ҳам Хитой Халқ Республикаси ташкил этилганининг 70 йиллиги муносабати билан Тяньаньмэнь майдонида анъанага мувофиқ йирик ҳарбий парадлар ташкил этиш режалаштирилгани ҳақида расмий хабар берилди.
“Олтин ҳафта”да ҳамма дам олади
Шарқий Осиё давлатларида дам олиш кунлари билан бирлашиб кетган бир неча байрам кунларини “Олтин ҳафта” деб аташади. Хитойдаги ана шундай “олтин ҳафта”лардан бири мазкур кун билан боғлиқ. Бунда 1–3 октябрдаги байрам кунлари дам олиш кунларига уланиб, ишланмайдиган ҳафтани ҳосил қилади.
Байрам кунларини кўпайтиришдан асосий мақсад ички туризмнинг ривожланишига ҳисса қўшиш, шунингдек, одамларнинг байрамни бир оила бўлиб тўпланган ҳолда нишонлашларига имкон яратишдан иборат. Хуллас, мамлакатнинг асосий байрамида хитойликлар беш кун дам олишади.
Бу кунларда пойтахтнинг асосий кўчалари, марказий майдонлар доимо табиий гуллардан тайёрланган улкан композициялар билан безатилади. Пойтахтнинг бош майдонида 1 октябрь куни халқ сайиллари ўтказилади, кечқурун мушакбозлик қилинади. Бир сўз билан айтганда, мамлакатнинг асосий майдони ўзгача кўриниш касб этади.



Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ,
Ўзбекистон Миллий университети талабаси.