1992 йил 10 декабр “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган кун.
Қудратли мамлакатимизнинг бепоён кенгликлари, гўзал табиати, пурвиқор тоғларию жаннатмонанд боғлари, кўҳна дарёларию ойдин кўллари, кўкка бўй чўзган шаҳарларию чирой очган қишлоқлари, буюк аждодларимизнинг барҳаёт сиймолари ва уларга муносиб авлодларнинг азму шижоатга тўла нигоҳлари, бағрикенг, меҳмондўст халқимизнинг юксак бунёдкорлик ва яратувчанлик салоҳияти, бугуни ва эртаси, сарҳадларда сергак турган тинчлик посбонларию бахтли ҳаётдан масрур ўғил-қизларнинг шодон кулгулари, мустақил Ватанимизнинг шону шуҳрати…
Ҳар тонг давлатимиз мадҳияси садолари остида янги кунни кутиб олар эканмиз, кўз олдимизда ана шу манзара намоён бўлади. Унинг ҳар бир чуқур маънога эга сатри, мардонавор ва соҳир оҳанги бизни сеҳрлаб қўяди, қалбимизда Ватанимиздан фахрланиш, бугунимиздан шукроналик ва эртамизга улкан ишонч ҳиссини жўш урдиради.
Қонунда мадҳиямиз давлат суверенитетининг рамзи, унга катта эҳтиром билан қараш ҳар бир юртдошимизнинг ватанпарварлик бурчидир деб белгилаб қўйилган. Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек, мамлакатимизда яшаб турган бошқа шахслар ҳам мадҳиямизни ҳурмат қилиши шартлиги алоҳида таъкидланган.
Давлат мадҳиясининг муаллифи Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов бўлиб, мусиқасини Ўзбекистон халқ артисти, атоқли бастакор Мутал Бурҳонов яратган. Мадҳияда халқимизнинг эзгу орзу-умидлари, келажакка мустаҳкам ишончи теран ифодаланган. Унда мардона ва шарафларга бой ўтмишимиз, миллий анъана ва қадриятларимиз, тинчлик, осойишталик, миллатлараро тотувлик ва биродарлик каби умуминсоний туйғулар тараннум этилган.