2023 Bosh-sahifa-kir

14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ҳарбийлар билан учрашув ўтказилди  

Юртимизда Ватан ҳимояси каби улуғвор ишга ўзини бағишлаган ҳарбийларимиз катта ҳурмат ва эъзоз билан қадрланиб, ҳар йили “14 январь – Ватан ҳимоячилари куни” катта байрам ва шодиёна билан ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Моддий-техник таъминот марказий базаси ҳарбий қисмида 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан “Таянчим ва суянчим, фахри ифтихоримсан, муқаддас Ватан!” мавзусида учрашув бўлиб ўтди. Тадбир Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Ўзбекистон уйғур маданият маркази ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Маълумки, 1993 йил 29 декабрь куни Ўзбекистон Республикасининг Қонунига биноан “14 январь — Ватан ҳимоячилари куни” деб эълон қилинди.

Албатта, Ватанни ҳимоя қилиш барча учун муқаддас бурч ҳисобланади. Бу бурчни адо этишда юртимизнинг ҳимоячилари бўлган миллий армиямиз ва барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан ҳалқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлашда олиб бораётган хизматини муносиб баҳолаш ҳамда уларга зарур шарт-шароит яратиш масалалари ҳам давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишларидан ҳисобланади.

Тадбирда Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси бўлим бошлиғи Ирода Нематиллаева мамлакатимиз тинчлиги ва осойишталигини сақлашда бетиним хизмат қилаётган ҳарбий ўғлонларни байрам билан табриклаб уларга ўзининг самимий тилакларини билдирди ва бир гурух ҳарбийларга Қўмитанинг ташаккурномаси ва эсдалик совғаларини топширди.

Ўзбекистон уйғур маданият маркази раиси ўринбосари Эркин Маҳмудов ўз навбатида маданият маркази номидан аскар ва зобитларни табриклаб бир гурух хизматчиларга фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғаларини топширди.

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Моддий-техник таъминот марказий базаси офицери капитан Алибек Гуччиев ҳарбий қисм номидан тадбир ташкилотчиларига миннатдорчилик билдириб бундай ҳамкорлик алоқалари бардавом бўлади деди.

Тадбирда бугунги кунда мамлакатимизда тинчлик, осойишталик беғубор осмон, мунаввар кунларимизнинг қард қиммати, аҳамияти ҳар қачонгидан ҳам ортиб бораётгани, юртимизда турли миллатга мансуб фуқаролар ва хилма–хил диний эътиқодга эга бўлган кишиларнинг бир заминда буюк ғоя ва соф ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжихат бўлиб яшашлиги бағрикенгликнинг ёрқин намунаси экани таъкидланди.

Бу каби эътибор ва эътироф масъулиятли касб эгаларининг Ватан олдидаги хизматларини юқори баҳоланишини намоён этиб, уларнинг келгусидаги фаолиятига ҳам куч-қувват, шижоат ва албатта садоқат бағишлайди.