2020 год glavnaya Популярные новости Мероприятия

16 НОЯБРЬ – ХАЛҚАРО БАҒРИКЕНГЛИК КУНИ

БМТ Бош Ассамблеясининг қарорига кўра, 1997 йилдан буён 16 ноябрь бутун дунёда “Халқаро бағрикенглик куни” сифатида нишонлаб келинади. Ўзбекистонда ҳам ушбу санани нишонлаш яхши анъанага айланган.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташаббуси билан Халқаро бағрикенглик кунига бағишлаб, жорий йилниг 11–16 ноябрь кунлари юртимизда “Бағрикенглик ҳафталиги” тадбирлари ўтказилди.

Ҳафталик доирасида Ўзбекистондаги дипломатик корпус, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти вакиллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, хорижий мамлакатларнинг миллатлараро муносабатлар соҳасида фаолият юритувчи экспертлари ва олимлари, чет давлатлардаги ўзбек миллий- маданий марказлари, шунингдек, юритимиздаги миллий-маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари раҳбарлари фаол иштирок этди.

Аввал хабар берилганидек, 16 ноябрь куни мазкур анжуман иштирокчилари Самарқандга ташриф буюрди.

Меҳмонлар қадим кентнинг диққатга сазовор жойлари, тарихий обидаларини зиёрат қилди. Хусусан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига ташриф буюриб, муассаса фаолияти билан яқиндан танишди. Шу ерда Самарқанддаги миллий-маданий марказлар вакиллари билан учрашиб, яқиндан мулоқотда бўлди. Юртимизнинг диний бағрикенглик сиёсати барча давлатлар учун намуна бўлаётгани эътироф этилди.

Дарҳақиқат, давлатимизнинг динларларо ва конфессиялараро сиёсатининг энг муҳим, устувор йўналишларидан бири ҳам барча миллат ва элатларнинг равнақи учун тенг шароит ва имконият яратиш, миллатлараро муносабатларни уйғунлаштиришдир.

Бугунги кунда юртимизда 130дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила аъзоларидек аҳил-иноқ ҳаёт кечирмоқда. Улар учун барча зарур шароитлар яратилган. Зеро, Конституциямизда ҳам миллати, ирқи ва диний келиб чиқишидан қатъий назар, барча фуқароларнинг қонун олдида тенг ҳуқуқли экани белгилаб қўйилган. Бундан ташқари, давлатимиз сиёсатининг бугунги янги даврида ҳам ушбу масалага устувор вазифа сифатида алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”нинг бешинчи йўналиши айнан “Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат” соҳасидаги устувор вазифаларга бағишланган. Шунинг ўзи ҳам миллатлараро ва динлараро бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг узвий қисми эканини яна бир бор тасдиқлайди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати