Версия для слабовидящих

2021 йил glavnaya Популярные новости

17 майдан «Ҳаж» ва «Умра» сафарига рухсат берилиши мумкин — Дин ишлари бўйича қўмита

Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Камилов 17 май санасидан «Ҳаж» ва «Умра» сафарларига рухсат берилиши мумкинлигини қайд этди. У сафар масаласи Саудия Арабистонидаги эпидемиологик вазият барқарорлашишига боғлиқлигини қўшимча қилди.

Олий Мажлис Сенати ва «Юксалиш» УМҲ ҳамкорлигида ташкил этилган жамоатчилик эшитувлари давомида Ўзбекистонда туризм салоҳиятини пандемия шароитидан сўнг тиклаш ва янада ривожлантириш масалалари бўйича бажарилган ишлар юзасидан ҳисобот берилди.

Шу жумладан, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Камилов «Ҳаж» ва «Умра» сафарлари масаласига тўхталиб, бу Саудия Арабистонидаги вазиятга боғлиқ эканини таъкидлади.

«Саудия Арабистонида кундан-кунга касалланиш ҳолатлари кўпаймоқда. Кечаги маълумотни олиб қарасак, бир кунда аниқланган ҳолат 600 нафардан ошди. Аксари Макка ва Ар-Риёз ҳудудига тўғри келаяпти. Ўтган куни эса Мадина шаҳрида кўпроқ эди. Шу сабаб Саудия Арабистони тўлиқ ёпилган. „Умра“ дастурлари ҳаммаси тўхтатилган», — деди қўмита вакили.

«Жидда шаҳридаги консулликда „Ҳаж“ ва „Умра“ ишлари бўйича алоҳида атташе фаолият кўрсатади. Кеча ҳам биз маълумот олдик. Саудия Арабистони Ички ишлар вазирлиги баёнотидан келиб чиқсак, эҳтимол, агар вазият бироз барқарорлашса, 17 майдан улар очиши мумкин. Лекин ҳали улар Соғлиқни сақлаш вазирлигини хулосасига таянган ҳолда иш кўради», — деди Музаффар Камилов.

Бундан ташқари, зиёрат туризмини ривожлантириш, хориж давлатлари билан айни шу масалада ҳамкорлик қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам ахборот берилди.

«Олдимизда муборак рамазон ойи турибди. Туркиянинг ТРТ телеканали орқали ҳар куни 15 дақиқадан 20 дақиқагача бўлган тўғридан-тўғри эфирда Ўзбекистоннинг зиёратгоҳларининг тарихи, бугунги кундаги аҳамияти, ислом оламидаги ўрни ҳақида маълумотлар берилади. Эфир ифтор ёки саҳарлик маҳалига мўлжалланаяпти, буни ҳали келишаяпмиз», — деди қўмита раисининг биринчи ўринбосари.

Унинг айтишича, Туркия ва бошқа давлатларининг сайёҳлари кўпроқ Бухоро вилоятидаги «Етти пир» мажмуасига қизиқиш билдирмоқда.

Аввалроқ, Саудия Aрабистони Ҳаж вазирлиги 5 апрель куни Рамазон ойида COVID-19`га қарши эмланган зиёратчилар учун муқаддас жойларни зиёрат қилишга рухсат беришини маълум қилгани ҳақида ёзган эдик.

Print Friendly, PDF & Email
loading