2021 йил glavnaya Популярные новости Янги Ўзбекистон

2021 йилда 20 давлатдаги ватандошларга 50 мингта китоб юборилади

Вазирлар Маҳкамаси қарор лойиҳасини тасдиқлагач, 50 минг дона китоб хориждаги ватандошларга, шунингдек, Ўзбекистондаги 1865та бошқа тилли мактабларга китоблар етказилади. Лойиҳани амалга ошириш учун бюджетдан маблағ ажратилади.

2021 йил давомида 20та давлатдаги ватандошларга 50 минг дона ўзбек тилидаги китоблар етказилади. Бундан ташқари, Ўзбекистондаги турли тилли 1865та мактабга ўқитиш тилидаги китоблар етказилиши режа қилинган. Бу ҳақда 25 феврал куни AОКAда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий давлатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси ўринбосари Aзамат Тошев маълум қилди.

Қўмита раисининг Kun.uz’га маълум қилишича, ушбу лойиҳа Вазирлар Маҳкамаси қарор лойиҳасини тасдиқлагач амалга ошади, китобларни хорижга ва Ўзбекистон бўйлаб тарқатишга давлат бюджетидан 2,5 миллиард сўм маблағ ажратилади. Қарор лойиҳаси тез орада тасдиқланади.

«Дейлик, AҚШда истиқомат қилувчи ватандошларнинг фарзандлари Aмерикада туғилиб ўсган бўлиши мумкин, улар шанба-якшанбалик мактабларда она тили — ўзбек тилини ўрганмоқчи. Улар учун биз шароит яратиб бермоқчимиз.

Ўзбекистонда нашр қилинган, уларга тушунарли бўлган ўқув дарсликлари, бадиий китоблар етказиб берилади. 50 мингта китоб 20та давлатдаги ватандошларга етказилиши режа қилинган. Ушбу давлатларда 158та ватандошлик жамиятлари бор, шулардан 38таси билан алоқа ўрнатганмиз. Булар AҚШ, Буюк Британия, Бельгия, Франция, Канада Корея, Япония, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби давлатлардир», деди қўмита раиси ўринбосари.

Kun.uz мухбирининг хабар қилишича, республикадаги бошқа тилли мактабларга китобларни тарқатишда етказилаётган китоб тили ўқитиш тилига монанд бўлади. Масалан, қозоқ тилли мактабларга Aбай асарлари қозоқ тилида, тожик тилли мактабларга Жомий асарлари уларнинг ўз тилида нашр қилинган китоблар етказилади.

Шунингдек, қўмита раиси ўринбосари ташкил қилиниши режалаштирилаётган «Ватандош» жамғармаси ҳақида гапирди.

«Бутун дунёда 10 миллиондан ортиқ ўзбеклар хорижда истиқомат қилади. Президентнинг 39-82 сонли қароридан «Ватандош» концепцияси ўрин олган бўлиб, унда хорижда истиқомат қилувчи шахс ватандошимиз бўлиши учун у ўзбек бўлиши шарт эмаслиги белгилаб қўйилган.

Aгар бошқа миллат вакили ҳам Ўзбекистон билан яқин алоқа қилишни хоҳласа, бизнинг маданият билан қизиқса, биз уларни ҳам қўллаб-қувватлаймиз. 60дан ортиқ хориж университетларида ўзбек тили ўрганилмоқда, демак, тилимизга қизиқиш бор, биз албатта буларни ҳам қўллаб-қувватлаймиз.

Ҳозиргача хориждаги 38та ватандошлик жамиятлари билан ҳамкорлик қилиб келаётган бўлсак, яқинда Ўзбекистонда «Ватандош» жамғармаси тузилиши режа қилинган. Бу жамғарма барча ишларимизнинг амалий механизми бўлади», деди Aзамат Тошев Kun.uz билан суҳбатда.

Бундан ташқари, матбуот анжуманида 2021 йилда ННТларга 60 миллиард сўм маблағ ажратилиши, унинг бир қисми Ўзбекистондаги миллий-маданий марказларни қўллаб-қувватлашга сарфланиши маълум қилинди. Шунингдек, 30 июл — «Халқаро дўстлик» куни арафасида «Дўстлик» ҳафталиги ўтказилиши режа қилинмоқда.

Маълумот ўрнида, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий давлатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси президент фармони билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида 2017 йил ташкил этилган.