Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий давлатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида атоқли бошқирд жамоат ва сиёсат арбоби, шарқшунос, турколог Аҳмет-Заки Валидий таваллудининг 131 йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди. Тадбир Қўмита ва Бошқирд жамоат-маданий маркази томонидан ташкил этилди.
Тадбирда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси мутасадди ходимлари, Ахмад Заки Валидий номидаги бошқирд жамоат-маданий маркази фаоллари, ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Қўмита фойесида марказ фаолиятига оид фотосуратлар акс эттирилган стендлар, Заки Валидий ижодига оид фотосуратлар ва китоблар, шунингдек, халқ амалий санъати кўргазмаси ташкил этилди.
Айтиш жоизки, меҳмондўст ўзбек замини Ўзбекистонда истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари учун ватанга айланган.
Тадбирда йиғилганлар томонидан тарихчи олимнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида сўз юритилди. Таъкидланганидек, Аҳмад-Заки Валидийнинг “Хотиралар” китоби ХХ асрнинг биринчи чорагидаги Марказий Осиё халқлари ҳаётининг қомуси саналади. Унинг Алишер Навоий ва Абу Райхон Беруний ижодига бағишланган машҳур мақолалари Британия энтциклопедиясида эълон қилинган ва бугунги кунда ҳам долзарб.
Тадбирда сўзга чиққанлар турли миллат вакилларининг миллий байрам ва анъаналарни ўтказиш, она тилини ўрганиш учун яратилган шарт-шароитлар учун Ўзбекистон раҳбариятига Бошқирд жамоат-маданий маркази номидан миннатдорлик билдирдилар.
Таваллуд топган кунлари муносабати билан бир қатор марказ фаолларига Қўмитанинг фахрий ёриқлари топширилди.
Тадбирда “Дуслик” бошқирд-татар ижодий бирлашмаси солистлари ва бошқа миллий маданий марказларнинг ҳаваскорлари томонидан йиғилганлар эътиборига ўзбек, рус, уйғур, татар, қирғиз қўшиқлари ва рақслари ҳавола этилди. Ажойиб тароналар байрам концертига чинакам кўтаринки кайфият бахш этди.
Ралия Карипова – Тошкент шаҳар бошқирд жамоат-маданий маркази фаоли:
“Тадбирда барча миллат вакиллари қатнашишмоқда. Биз доимо бир-биримизнинг тадбирларимизда фаол қатнашамиз. Бу каби концертлар миллатдошларимизни ҳам бир жойга тўплайди. Бугун йиғилганларнинг барчаси хурсанд. Ҳамманниг кайфияти аъло. Концерт дастуримизда миллий рақсларимиз, куй-қўшиқларимиз ижро этилди. Йил давомида миллий маданий марказимиз билан қатор ишларни амалга оширдик. Фаолларимиз мукофотларга сазовор бўлишди. Бутун Республика бўйлаб уч авлод учрашуви тадбирларида иштирок этдик. Ўзбекистондаги ҳар бир миллат гулдастанинг бир гули саналади. Бу каби тадбирларда иштирок этаётган ёшларимиз она тилимизни, урф-одатларимизни, қадриятларимизни ўрганиш ва тарихимизни билиш имкониятига эга бўлмоқдалар. Шу нуқтаи назардан тадбир жуда ҳам аҳамиятли деб ўйлайман. Биз ўз қадриятларимизни ёшларга етказа олганимизга хурсандмиз”.