2020 год glavnaya Популярные новости Мероприятия

Аҳиллик, ҳамжиҳатлик сабоқлари

Ўзбекистон – умумий уйимиз

Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.
 
(Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 18-моддасидан).
Шу кунларда мамлакатимиздаги барча умумий ўрта таълим мактабларида Бағрикенглик ҳафталиги муваффақиятли ўтказилмоқда.
Мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари тинч-тотув яшаб келаётир. Ҳозирги кунда Халқ таълими тизимидаги 9942 та умумтаълим муассасасида 6 миллион 150 минг нафардан ортиқ, шу жумладан, уларнинг орасида турли хил миллатга ва элатга мансуб ўқувчи ва ёшларга таълим ва тарбия бериб келинмоқда.
Ўқув жараёни Давлат таълим стандартларига мувофиқ 7 та (қорақалпоқ, рус, қозоқ, қирғиз, тожик, туркман ва ўзбек) тилда олиб борилади. Ўқувчи ва ёшларга сифатли билим ва кўникмаларни эгаллаши учун тегишли шарт-шароитлар яратиш мақсадида Давлат таълим стандартлари билан белгиланган барча ўқув дарсликлари ҳам 7 та тилда нашр этилиб, ўқувчи контингентига кўра тақсимланган ҳолда умумтаълим муассасаларига етказиб берилмоқда.
Бугунги кунда барча умумтаълим мактабларида “Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари”, “Тарих”, “Дунё динлари тарихи” каби умумтаълим фанлари таркибида ўқувчи-ёшларга бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик йўналишида асосий тушунчалар босқичма-босқич бериб борилмоқда.
Халқ таълим вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, 8-синф учун “Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари” фани доирасида “Миллатлараро тотувлик”, “Диний бағрикенглик” ва “Ижтимоий ҳамкорлик”, 11-синф “Ўзбекистон тарихи” фани таркибида “Ўзбекистонда миллатлараро муносабатлар ва бағрикенглик” ва “Ўзбекистонда конфессиялараро муносабат” каби мавзулар доирасида ўқувчиларга мазкур йўналиш бўйича қатор билимлар бериб келинмоқда.
Умумтаълим мактабларининг 1-11-синф ўқувчилари учун “Тарбиявий соат” машғулотларини ташкил этиш бўйича ўқув-мавзу режасига асосан “Она тилига эҳтиром”, “Боболаримиз мероси”, “Тил – дил кўзгуси”, “Барча фуқаролар тенгдирлар”, “Донолар бисотидан”, “Бағрикенглик”, “Тил билмоқ – эл билмоқ”, “Билимли ёшлар – юрт таянчи”, “Сўзлашиш ва нутқ маданияти кўп тилсимнинг калити”, “Ширин сўз – жон озиғи”, “Тил фикр либосидир”, “Замон билан ҳамнафас”, “Буюк қадриятлар яхшиликка етаклар” мавзулари ўқитилиб келинмоқда.
Мазкур мавзулар доирасида мамлакатимиз ҳудудида узоқ тарихий даврлар давомида доимий равишда турли элат ва миллатлар ўзаро дўстона муносабатлар асосида аҳил ва иноқ бўлиб яшаб келгани, бир-бирини маданий ва маърифий жиҳатдан доим тўлдиргани, миллатлараро ва динлараро бағрикенглик ҳолатлари биз учун миллий маданиятимизнинг ажралмас қисми экани атрофлича тушунтирилмоқда.
Президентимиз томонидан 2019 йил 23 август куни кенгайтирилган тарзда ўтказилган ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва жамиятда ўқитувчи мавқеини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги йиғилишда “Миллий ғоя”, “Одобнома”, “Дунё динлари тарихи”, “Ватан туйғуси” каби фанларни бирлаштирган ҳолда, 2020/2021 ўқув йилидан ягона “Тарбия” фанини босқичма-босқич жорий қилиш юзасидан топшириқлар берилганди.
Умумтаълим муассасаларидаги ўқув режага мувофиқ тақдим этиладиган академик билим ва кўникмалар билан бир қаторда, ўқувчи-ёшларда ўзаро ҳамжиҳатлик, ҳурмат, ўзга миллатга мансуб шахсларга нисбатан бағрикенглик маданиятини ривожлантириш мақсадида мазкур йўналиш бўйича турли хил семинарлар, конференциялар, “давра суҳбатлари” кўрик-танловлар ҳам мунтазам ташкил этилмоқда.
Бағрикенглик ҳафталиги доирасида барча умумтаълим мактабларида миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик йўналишида ижодий ишлар танлови билан бир қаторда миллий либос, рақс, таом ва қўшиқлар йўналишларида турли хил маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Аҳиллик, ҳамжиҳатлик сабоқлари сифатида ўтказилаётган ушбу тадбирлар ёшларда истиқлол ғоясига садоқат, ватанпарварлик, юртга садоқат, меҳр-мурувват, аҳиллик туйғуларини мустаҳкам қарор топтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Н.УСМОНОВА, ЎзА