Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси маълумотига кўра, жорий йил 12-24 февраль кунлари Бухоро шаҳрига америкалик ҳужжатли фильмлар тайёрловчи таниқли режиссёр Грег Полк ижодий сафар амалга оширган, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
У Бухоро шаҳрининг тарихий ва маданий мероси, маҳаллий ҳунармандлар ва тўқувчилар ҳамда Бухоро ва Санта-Фе шаҳарлари (Нью-Мексико, АҚШ) ўртасидаги биродарлик алоқалари ҳақида ярим соатлик ҳужжатли фильм тайёрлашни мақсад қилган.
Фильм премьераси 7-18 июль кунлари Санта-Фе шаҳрида ўтказиладиган Халқ амалий санъати халқаро ярмаркаси (International Folk Art Market, IFAM) доирасида ташкил этилиши режалаштирилган.
Санта-Фе шаҳрида 60 мамлакатдан 150 нафардан зиёд ҳунармандни бирлаштирган мазкур йиллик ярмаркада Ўзбекистон вакиллари мунтазам равишда қатнашиб келмоқда. Ушбу ярмаркада қарийб 3 миллион долларлик халқ амалий санъати ва ҳунармандчилик маҳсулотлари савдоси бўлиб ўтади. Ўзбекистон делегацияси ҳар йили 250-500 минг доллар миқдордаги маҳсулотлар, ярмарка етакчисига айланиб улгурган. Пандемия сабабли ярмарка ташкилий қўмитаси 2020 йилги тадбирни бекор қилишга қарор қилди ва рўйхатдан ўтган барча иштирокчилар 2021 йилги халқаро ярмаркада ўз маҳсулотларини тақдим этиш имкониятига эга бўлди.
Грег Полк Бухорога қилган ижодий сафари давомида шаҳар ҳокими, туризм соҳаси вакиллари, маҳаллий ҳунармандлар, рассомлар ва бошқа фаоллар билан қатор учрашувлар ўтказиб, интервьюлар олди. Америкалик режиссёрнинг таъкидлашича, “қадимий шаҳарга сафар Бухоро ва Санта-Фе ўртасидаги биродар шаҳарлар алоқаларини тарғиб қилиш ва амалий санъат орқали халқ дипломатияси ролини янада мустаҳкамлаш учун ноёб имконият бўлди”.
Кинорежиссёр америкалик соҳа мутахассислари ва олимлардан ўзбек тўқимачилик санъати шакл ва услубларининг бетакрор жиҳатлари, шунингдек, Санта-Фе шаҳри Халқ амалий санъати халқаро ярмаркаси раҳбари Стюарт Ашман ва Ўзбекистоннинг Нью-Мексикадаги фахрий консули Керол Лопездан бўлажак ярмаркада ҳунармандларимизнинг иштироки ҳақида интервьюлар олишни ҳам режалаштирган.