2022 йил Bosh-sahifa-kir

А.З.ВАЛИДИЙ НОМЛИ ТОШКЕНТ ШАҲАР БОШҚИРД ЖАМОАТ-МАДАНИЙ МАРКАЗИНИНГ 30 ЙИЛЛИК ЮБИЛЕЙ ТАНТАНАЛАРИ ЮҚОРИ ДАРАЖАДА ЎТДИ

Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 16-18 май кунлари Мамлакатимизда миллатлараро муносабатларни янада ривожлантириш, Ўзбекистон ва Бошқирдистон халқлари ўртасидаги дўстона ва яқин ришталарни мустаҳкамлаш мақсадида А.З.Валидий номли Тошкент шаҳар бошқирд жамоат-маданий маркази ташкил этилганининг 30 йиллигини нишонлашга бағишланган байрам тадбирлари ўтказилди.

Қайд этиш жоиз, А.З.Валидий номли Тошкент шаҳар бошқирд жамоат-маданий маркази фаолияти бошқирд халқининг маданий мероси, анъаналари, урф-одатлари ва она тилини янада ривожлантириш ва асраб-авайлаш, бошқа миллий маданий марказлар билан ҳамкорлик қилиш, миллатлараро тотувлик, тинчлик ва дўстлик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган.

Ишлаб чиқилган юбилей дастурининг сўнгги куни доирасида, жорий йилнинг 18 май куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида А.З.Валидий номли Тошкент шаҳар бошқирд жамоат-маданий маркази ташкил этилганининг 30 йиллиги муносабати билан тадбир ташкил қилинди.

Унда Россия Федерациясидан келган меҳмонлар хусусан, Бошқирдистон Республикаси раҳбари Радий Хабиров раҳбарлигидаги делегация иштирок этди.

Қўмита ҳовлисидан меҳмонлар эътиборига  байрамона безалган бошқирд миллий ўтови ҳамда ижодий жамоалар томонидан тайёрланган концерт чиқишлари ҳавола этилди. Меҳмонлар Ҳандугастар, Ляйсан, Ағидель ансамблларига ижобий баҳо беришди.

 

 

Шундан сўнг, Қўмита мажлислар залида Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилиб келаётган бошқирд миллати вакиллари билан учрашув ташкил қилинди. Унда Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустамбек Қурбонов йиғилганларни қутлуғ сана билан яна бир бор самимий табриклаб, марказ фаолиятига муваффақиятлар тилади.

 

 

 

Тадбирда Бошқирдистон Республикаси раҳбари Радий Хабиров Ўзбекистонда миллий маданий марказлар фаолиятига берилаётган эътиборни юқори баҳолади. Шунингдек у, А.З.Валидий номли Тошкент шаҳар бошқирд жамоат-маданий маркази ташкил этилганининг 30 йиллиги муносабати билан диаспора вакилларига табригини изҳор қилди.

Тадбир доирасида бошқирд халқининг маданий мероси, анъаналари, урф-одатлари ва она тилини янада ривожлантириш ва асраб-авайлашга ҳисса қўшган А.З.Валидий номли Тошкент шаҳар бошқирд жамоат-маданий марказининг бир гуруҳ фаолларига Бошқирдистон Республикасининг турли давлат мукофотлари топширилди. Шундан сўнг, меҳмонлар А.З.Валидий номли Тошкент шаҳар бошқирд жамоат-маданий маркази фаолияти билан танишишди.

 

 

Тадбир якуни савол-жавоб форматидаги учрашув билан давом этди. Қайд этиш жоиз, ўтказилаётган тадбирлар Ўзбекистон заминида миллатлараро тотувлик, дўстлик ва тинчликни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга хизмат қилиши шубҳасиз.

 

Қўмита матбуот хизмати