2020 йил glavnaya Популярные новости Мероприятия Янги Ўзбекистон

“Абай асарларининг билимдони” мавзусида китобхонлик танлови

Бугунги кунда коронавирус пандемияси нафақат юртимизни, балки бутун дунёни ҳам хавотирга солаётганини барчамиз кўриб турибмиз. Ёшларнинг таълимдан узилиб қолмасликлари, уларни бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш юзасидан барча чора-тадбирлар ҳам олиб бориляпти.

Жорий йилнинг 29 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида буюк шоир ва мутафаккир Абай Қўнонбоев таваллудининг 175 йиллигига бағишланган “Абай асарларининг билимдони” мавзусида китобхонлик танлови бўлиб ўтди.

Тадбирда Қўмита мутасадди ходимлари, Ўзбекистон қозоқ миллий маданий маркази фаоллари, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети қозоқ тили ва адабиёти кафедраси ўқитувчилари ва талабалари иштирок этишди.

 

Танловнинг асосий мақсади аҳоли, шу жумладан болалар ва ёшларда фуқаролик бурчини англаш, ватанпарварлик, шаън ва қадр-қиммат, шунингдек, бағрикенгликка асосланган миллатлараро муомала маданияти ҳис-туйғусини мустаҳкамлаш.

Қадимдан бир-бирларига қавм-қариндош, тили ва дини бир бўлган, бир дарёдан сув ичиб, қиз бериб, қиз олишиб, яқин дўстлик ва яхши ҳамкорликда яшаб келаётган ён қўшни — жон қўшнимиз бўлган қозоқ халқи билан азалий дўстлигимиз, оға-инилигимиз ва ҳамкорлигимиз ярашиб, ўртамиздаги иқтисодий-ижтимоий, адабий-маданий алоқаларимиз йилдан-йилга ривожланиб келмоқда.

Тадбирни Қўмита раиси ўринбосари Азамат Тошев кириш сўзи билан очиб, икки қардош давлат халқларининг азалий дўстлиги ҳақида сўзлаб, миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси ижросини таъминлаш борасида Қўмитада амалга оширилаётган ишлар ҳусусида маълумот берди. Жумладан, Ўзбекистон ва Қозоғистон давлатлари ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари янги босқичга кўтарилаётган бугунги кунда Абай Қўнонбоев сингари улуғ алломаларнинг ўлмас мероси халқларимиз учун янада муҳим маъно ва аҳамият касб этади деди.

 

Буюк маърифатпарвар шоир халқлар дўстлигининг оташин куйчиси Абай Қўнонбоевнинг шарафли номи ва бой ижодий мероси нафақат қозоқ халқи, айни пайтда, бутун туркий халқлар, жумладан, ўзбек халқининг ҳам қалбида безавол яшаб келмоқда. Зеро, Абай ижоди теран фалсафа, келажакка донишманд нигоҳ, миллат истиқболи ҳақида қайғуришдек тамойилларга асосланиши билан ўзбек китобхонлари учун ҳам ғоят қадрлидир дея таъкидлаб ўтди.

“Дўстлик” ордени соҳиби, Ўзбекистон қозоқ миллий маданий маркази фаоли Қалдибек Сейденов ўзининг “Абай ва ўзбек адабиёти” маърузасида икки давлат ёзувчиларининг азалий алоқалари ҳусусида гапириб ўтди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Қалдибек Сейдановнинг шоир ижоди ҳақида “Умр ибратлари”, “Абай ва Ўрта Осиё адабиёти” китоблари мамлакатимизда чоп этилиб ўқувчилар диққатига ҳавола этилган.

 

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети қозоқ тили ва адабиёти кафедраси мудири п.ф.д. Ергаш Абдувалитов “Қозоқ халқининг доно оқини, асл сўз чевари” маърузасини ўқиб берди.

Тадбир доирасида талаба ёшлар ижросида Абай Қўнонбоев шеърларидан ўқиб берилди. Танлов ғолиблари ташкилий қўмитанинг қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.

  

Иштирокчилар бундай тадбирларнинг ўтказилиши юртимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, турли миллат вакиллари  ўртасида дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлаб ўтишди.