Шу кунларда икки қардош халқ – ўзбек ва қозоқ адабиёти вакиллари, ҳар икки мамлакатнинг адабий жамоатчилиги, бутун жаҳон аҳли улуғ шоир Абай таваллудининг 175 йиллигини кенг нишонламоқда.
Шу муносабат билан кўплаб жойларда Абай ижодида инсонпарварлик мавзусидаги он-лайн конференция бўлиб ўтмоқда. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати маълумотларга кўра, куни кеча Нурсултон шаҳридаги Н.Назарбоев университетида “Абай ва инсонпарварлик гуманизми” мавзуида халқаро онлайн-анжуман ўтказилди.
Анжумада ўндан ортиқ мамлакатлардан атоқли абайшунослар, адиб ва таржимонлар, давлат ва жамоат арбоблари иштирок этди.
Халқаро анжуманда буюк мутафаккир адабий меросининг оламшумул аҳамияти хусусида М.Авезов номидаги Қозоғистон давлат университети профессори М.Мирзааҳмедов, Туркиянинг Кастамону университети профессори Ў.Сўйлемез, Ю.Болосоғуний номидаги Қирғиз миллий университети доценти М.Текешова, Нидерландия Қироллиги Марказий Осиё тадқиқотлари маркази эксперти З.Алуа-Авезова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таржимон Я.Қўчқоров сўзга чиқдилар.
– Давлатимиз раҳбарининг буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодини кенг ўрганиш ҳамда тарғиб қилиш бўйича қабул қилган қарори Ўзбекистонда аллома адабий меросига бўлган эътиборни бутунлай янги босқичга кўтарди, – деди шоир ва таржимон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Янгибой Қўчқоров.
Халқаро анжуманда Абай меросининг бугунги мураккаб глобаллашув давридаги аҳамияти, долзарблиги, унинг ёшлар маънавияти ва дунёқарашини асрашдаги ўрни, асарларининг жаҳон тилларига таржимаси ҳақида батафсил сўз юритилди. Мазкур йўналишда адабий алоқаларни тобора кенгайтириш истиқболлари белгиланди