2020 год glavnaya Популярные новости

Абдулла Арипов бош вазир этиб тасдиқланди

Сенаторлар ва депутатлар президент таклифига биноан амалдаги ҳукумат раҳбари Абдулла Ариповни бош вазир этиб тасдиқлади. Ҳеч ким қарши овоз бермади.

21 январь куни Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида Абдулла Арипов Ўзбекистон бош вазири этиб тасдиқланди, деб хабар берди «Газета.uz» мухбири.

Аввалроқ, энг кўп депутатлик ўрнига эга бўлган Ўзбекистон Либерал-демократик партияси президентга амалдаги ҳукумат раҳбари Абдулла Арипов номзодини бош вазир лавозимига тақдим этган эди.

Йиғилишда Арипов Вазирлар Маҳкамасининг яқин ва ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастури тўғрисида маъруза қилди.

Яширин овоз беришда Қонунчилик палатасининг 148 нафар депутати президент илгари сурган номзод учун овоз берди, 1 нафари — бетараф қолди ва 1 киши овоз бермади. Сенаторлардан Абдулла Ариповни 94 нафари қўллаб-қувватлади, уч нафари бетараф қолди. Парламент палаталаридан ҳеч ким қарши овоз бермади.

Абдулла Арипов (1961 йилда туғилган) 2016 йил декабрь ойида Ўзбекистон ҳукуматига раҳбар бўлган эди. 10 йилдан ортиқ муддат — 2002 йил майдан 2012 йил августгача бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаган. Бунга параллел равишда 2005−2009 йилларда Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигини бошқарган.

2016 йил сентябрь ойида мамлакатда янги президент сайланганидан кейин Абдулла Арипов ҳукуматга бош вазир ўринбосари ва Вазирлар Маҳкамасининг Ёшлар сиёсати, маданият, ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари комплекси раҳбари сифатида қайтди.