Пойтахтимиздаги Чингиз Айтматов монументи пойида ўзбек ва қирғиз эллари дўстлиги ва бунда адабий алоқаларнинг ўрнига бағишланган адабий тадбир бўлиб ўтди.

Ёзувчи-шоирлар, қирғиз миллий маъданий маркази фаоллари, талаба-ёшлар иштирок этган тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид ва бошқалар томонидан қардош икки халқ ўртасида дўстлик ришталарининг янада мустаҳкамланишида Чингиз Айтматовдек улуғ адибнинг ўрни беқиёслиги эътироф этилди.
Тадбирда сўз олганлар Чингиз Айтматов нафақат қирғиз эли, айни пайтда, ўзбек халқи учун ҳам азиз ва қадрли сиймо эканини эътироф этди. Адибнинг минтақа тинчлиги ва осойишталиги, халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшгани алоҳида таъкидланди.
Президентимизнинг 2018 йил 2 апрелда «Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилиниши юртимизда улуғ адиб ижодини ўрганишга янада кенг имкон берди. Унинг баркамол асарлари мамлакатимизда миллионлаб нусхада нашр этилди. Ўзбекистон Миллий университетида «Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон» доимий экспозицияси ташкил қилинган. Юртимиз театрларида адиб асарлари асосида спектакллар саҳналаштирилди.

– Ўзбек ва қирғиз дўстлиги кеча ёки бугун бошланиб қолгани йўқ, – дейди филология фанлари номзоди, адабиётшунос Зуҳриддин Исомиддинов. – Бизнинг динимиз бир, тилимиз бир-бирига яқин, урф-одатларимиз ўхшаш. «Манас» достони қирғиз фольклорининг нодир асарларидан бири. У миллат тарихи, урф-одатлар ҳақида кенг тараннум этади. Ушбу асарни ўзбек тилига таржима қилишга мушарраф бўлдим. Қирғизистонда кенг миқёсда тақдимоти ўтказилди. Адабиётшунослар томонидан таржимам ютуқ ва камчиликлари эътироф этилмоқда. Ижодкор сифатида бу ишни амалга оширганимдан мамнунман.
Тадбирда Ўзбекистон давлат драма театрида саҳналаштирилган «Жамила» спектаклидан парча намойиш этилди. Икки миллат дўстлигини тараннум этувчи ва Чингиз Айтматовга бағишлаб ёзилган шеърлар ўқилди.
Тадбир доирасида иштирокчилари Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетидаги «Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон» доимий экспозициясига ташриф буюриб, у ердаги экспонатлар билан танишди.
Д.Маматова, ЎзА