Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Афғонистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Ҳаниф Атмар билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда мамлакатимиз ташқи сиёсат маҳкамаси матбуот хизмати маълум қилган.
Комилов Ханиф Атмарни ташқи ишлар вазирлиги раҳбарлигига тайинланганлиги билан қутлади ва унинг келгуси фаолиятида муваффақиятлар тилади.
Ҳаниф Атмар энг аввало Афғонистондаги сиёсий вазиятни барқарорлаштириш йўлида Ўзбекистон томонидан олиб борилаётган халқаро миқёсдаги қатъий саъй-ҳаракатлар учун Президент Шавкат Мирзиёевга чексиз миннатдорлик билдирди.
Шунингдек у Ўзбекистон томонига коронавирус пандемияси даврида жўнатилган энг зарур тиббий буюмлар ва озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат гуманитар ёрдам учун ҳам ташаккур изҳор қилди.
Мулоқот давомида ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари икки томонлама муносабатлар кун тартиби ва минтақа сиёсатига оид қатор масалалар бўйича фикр алмашди.
ЎзА