Андижон вилоятида айни кунда 38 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси эл-юрт ардоғида ҳаёт кечирмоқда. Улардан бири Андижон шаҳридаги “Соғлом авлод” маҳалласида яшовчи Саидаҳмад ота Исаевдир.
Кўксини турли ордену медаллар безаб турган Саидаҳмад ота суронли уруш йиллари ҳақидаги хотираларидан сўзлаб берди. Шахсий архивидаги уруш даврига оид турли ҳужжатлар, фотосуратларни кўрсатди.
Уруш бошланган йили Андижон вилоятининг собиқ Ворошилов (ҳозирги Қўрғонтепа) туманидан кўнгиллилар сафида фронтга жўнаган Саидаҳмад Исаев то уруш тугагунга қадар душманга қарши мардонавор жанг қилган.
Айниқса, Москва мудофааси учун бўлган жанглар унинг хотирасида алоҳида саҳифа бўлиб муҳрланган.
– Ўшанда ўзбек жангчиларидан ташкил топган танкларга қарши курашиш қисмида сиёсий раҳбар (политрук) эдим, – дея хотирлайди Саидаҳмад ота. – 1941 йилнинг қаҳратонида гитлерчиларнинг қақшатгич зарбаларини қабул қилганмиз, жуда кўп сафдошларимиз ҳалоқ бўлди. Ортга чекинмаслик ҳақида буйруқ берилган эди. Ўшанда душманнинг бир нечта ҳамласини қайтариб, қарши ҳужумга ўтгандик. Москва остонасидан душман ортга қайтарилди.
Шундан сўнг отахон Киев, Одесса, Днепропетровск, Кишинёв сингари шаҳарлар, шунингдек, қатор Европа мамлакатларини душмандан озод этишда олдинги сафларда бўлди. Қанча-қанча оловли йўлларни босиб ўтди, етти марта яраланганига қарамай, Ғалабани Берлин шаҳрида кутиб олади.
– Ғалабани Берлинда кутиб олганман, – дейди Саидаҳмад ота. – Германия пойтахтини озод қилишда кўрсатган жасоратим ҳақида Берлин шаҳрида чоп этиладиган газеталардан бирида “Шарқ қаҳрамони” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Жангларда нафақат мен, балки барча ўзбек ўғлонлари жасорт билан душманга қарши курашган. Уларнинг қаҳрамонликларини сўз билан таърифлаш қийин.
Отанинг айтишича, унинг падари бузруквори Исабек Режабалиев ҳам ҳарбий хизматчи бўлган экан. Онаси Шарифахон Шералиева эса ўз даврида Ойим тумани партия қўмитасида хотин-қизлар етакчиси вазифасида узоқ йиллар ишлаган.
Урушдан соғ-омон қайтган Саидаҳмад ота олий партия мактабини тамомлаб, вилоят ички ишлар бошқармасида масъул вазифаларда фаолият юритди. Ички ишлар полковниги унвони билан истеъфога чиққач, Андижон давлат университетида ишлади. Узоқ йиллар ёш авлодга таълим-тарбия берган.
Бу йил ўзининг 96 ёшини нишонлайдиган Саидаҳмад ота ҳозир ҳам бардам, руҳи тетик. Бугунги тинч, фаровон кунларга шукрона келтириб, маҳалладошлари, фарзанд, набира ва чеваралари ардоғида умргузаронлик қилмоқда.
– Президентимизга раҳмат, – дейди ота қўлларини дуога очиб. – Юртбошимиз қарори билан Ғалабанинг 75 йиллиги олдидан уруш қатнашчилари ва ногиронларига 10 миллион сўмдан пул берилаётгани биз – уруш фахрийларига бўлган юксак эҳтиром, эътибор ва ғамхўрлик намунасидир. Бундан кўнглимиз тоғдай кўтарилди.
Саидаҳмад ота сингари инсонлар орамиздаги тирик қаҳрамонлар. Уларнинг жанггоҳлардаги жасорати, ибратли ҳаёт йўли бугунги ва келажак авлод учун ҳақиқий ибрат мактабидир.
Ф.УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМУРЗОҚОВ (сурат), ЎзА