Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасини бутун республикамиз аҳолиси қатори Ўзбекистонда истиқомат қилаётган кўп сонли қозоқ миллати вакиллари ҳам жуда диққат ва зўр қизиқиш билан эшитиб қалбларида мамнуният ва ифтиҳор туйғулари ила қабул қилдилар. Муҳтарам Президентимиз ўз Мурожаатномасида Янги Ўзбекистон концепциясининг амалга оширилиши ва ҳозирги даврда мамлакатимиз, жамиятимиз ва халқимиз олдида турган қатор долзарб масалаларга бирма-бир тўхталиб, уларни ижобий ҳал қилиш ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш йўллари ҳақида баён қилиб, бир қанча муҳим ва ўта аҳамиятга молик таклиф ҳамда ташаббуслар билан чиқди.
Мурожаатномада айтиб ўтилган ҳолатлар, мамлакат ҳаётининг барча соҳаларида эришилган катта ютуқлар, биз қозоқ миллати вакилларининг она-Ватанга бўлган иштиёқ ва қизиқишларини янада ошириб юборди. Айниқса, бутун оламга хавф туғдираётган пандемияга қарши кескин кураш давом этаётган ҳозирги вазиятда республикамиз фуқароларининг ҳаётини ва саломатлигини сақлаш учун барча куч-қувват ва имкониятларни сафарбар қилиб, ана шундай синовли кунларда аҳиллиги ва бирдамлиги ярашган халқимизнинг асл фазилатларининг номоён бўлиши туфайли барча қийинчиликларни мардона енгиб келаётганимиз, ўзга мамлакатларга ҳам ёрдам қўлини чўзиб, ҳамкор ва тилакдош бўлиб келганлигимиз қанчалик муҳим аҳамият касб этганлиги мурожаатда аниқ ўз аксини топган. Ўзбекистоннинг ана шундай мураккаб шароитда ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлаб, халқимизнинг даромадини ҳамда иш ўринларини сақлаб қолиш бўйича зарур чоралар қабул қилиб, уларни муваффақиятли амалга ошириб келганлиги бизда катта таассурот қолдирди.
Мурожаатномада келгуси 2021 йилнинг «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили», деб белгиланиши мамлакатимизда бу борадаги амалга оширилиши керак бўлган ишларнинг қанчалик долзарб эканлигини кўрсатади. Бу бизга жуда маъқул бўлди. Холубки, ёшлар бизнинг келажагимиз, уларнинг билими, иқтидори, куч-қуввати ва салоҳияти, аҳолимизнинг эса саломатлиги ижтимоий-иқтисодий ислоҳатларни самарали амалга оширишнинг бош омилидир.
Мурожаатномада қайд этилган миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш, БМТ Бош Ассамблеясининг резолюцияси билан ҳар йили Халқаро дўстлик куни сифатида нишонланадиган 30 июлни – Ўзбекистонда «Халқлар дўстлиги куни» деб белгилаш таклифи кўпмиллатли халқимиз юрагидан жой олди. Президентимиз маърузаларида мамлакат ва халқимиз равнақи учун юқорида айтиб ўтган масалалар бўйича нафақат таклиф ва кўрсатмалар билан чиқди, балки уларнинг ҳаётийлигини ҳам кафолатлаб берди. Чунки, кейинги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган оламшумул ўзгаришлар, Янги Ўзбекистон концепцияси, юртимизда йилдан йилга обод бўлиб равнақ топаётган шаҳарлар, туманлар, вилоятлар, халқимиз турмуш даражасининг ортиб бораётганлиги, қанчадан қанча инвестиция лойиҳаларининг самарали амалга ошаётганлиги, ва ниҳоят таъбир жоиз бўлса, ўзининг тинмас хатти-ҳаракати, жўшқин иш фаолияти, ишбилармонлиги, узоқни кўра билиши ва доно халқчил сиёсати орқали ҳам исботлаб берди.
Биз, республикамизда истиқомат қилаётган бир миллионга яқин қозоқ миллати вакиллари ўз туғишган оғаси ўзбек халқи қатори шундай халқпарвар Президентимиз борлигидан, унинг халқаро миқёсда обрў-эътибори табора ортиб бораётганидан фаҳрланамиз ва оталарча ғамҳўрлик қилиб, фаровон ҳаёт кечиришимиз учун барча шароитлар яратиб берилаётганлигидан ғоят миннатдормиз ҳамда бунга жавобан биз Ватанимиз равнақи йўлида сидқидилдан меҳнат қилиб, мамлакатимизнинг янада гуллаб яшнаши йўлида бор куч-ғайратимизни аямаймиз.
Ўзбекистондаги қозоқ миллатига мансуб аҳоли номидан:
Ўзбекистон қозоқ миллий маданий маркази раиси С. Усенов