Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида Ўзбекистон рус маданий маркази билан ҳамкорликда “Алишер Навоийнинг олтин мероси” мавзусида маънавий маърифий тадбир ташкил этилди.
Буюк шоир, давлат арбоби Алишер Навоийнинг серқирра ижодида халқлар, миллатлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик мавзуси асосий ўринлардан бирини эгаллайди. Ўзбекистонда фаолият юритаётган турли миллий маданий марказлар томонидан бугунги кунда улуғ мутафаккир асарларини ўрганиш шу билан бирга бошқа тилларга таржима қилиш ишлари қизғин олиб борилмоқда. Тадбирда айни жиҳатларга урғу берилди. Унда Ўзбекистон рус маданий маркази фаоллари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, адабиётшунос олимлар иштирок этишди. Давра суҳбатининг мақсади — Алишер Навоий асарларида тараннум этган дўстлик, чин инсонийлик, меҳр-оқибат, миллий ва умуминсоний ғояларни ўсиб келаётган ёш авлодга етказиш, улуғ шоирларнинг адабий-илмий меросини мамлакатимизда ва халқаро миқёсда янада кенг тарғиб этишдан иборат бўлди.
Давра суҳбати давомида буюк алломанинг хотиралари ёд этилиб, улуғ мутафаккирнинг бебаҳо адабий меросини кенг тарғиб этишда амалга ошираётган ишлар ҳусусида фикр юритилди.
Навоий асарларининг турли тилларга таржима қилишда миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатлик, бағрикенглик каби тушунчаларни талқин қилиш ва китобхонларга етказиш кераклиги таъкидлаб ўтилди.
Тадбирнинг бадиий қисмида миллий маданий марказ фаоллари Навоий қаламига мансуб ғазал ва рубоийларни ўзбек ва рус тилларида йиғилганларга махорат билан ўқиб бердилар.
Тадбир доирасида рус маданий маркази ҳамда маданият соҳасидаги Ўзбекистоннинг етакчи олийгохлари билан ҳамкорлик битимлари имзоланди.