Bosh-sahifa-kir

Америкалик ватандошлар билан учрашув

Вазирлар Маҳкамасининг 29.11.2017 йилдаги № 01-7/1-2849-сонли қарорига мувофиқ АҚШда яшовчи ватандошларнинг тақлифларини амалга ошириш комплекc чора тадбирлар режасига асосан Қўмита томонидан ватандошлар ҳамда Ўзбекистонлик диаспоралар ва ассоциация фаҳрийлари О.Шарипов (Чикаго), З.Сафаров (Филадельфия), Ж.Ходжаев (Атланта), Л.Захаровалар (Сиэтл), билан 2018 йил 1 март куни видеоконференция ўтказилган эди.

Ўтказилган видеоконференцияда узоқ муддат ечимини кутиб турган муаммолар ҳақида ниҳоят гапира олиш имконияти туғилганидан мамнун  бўлган ватандошлар гарчи бошқа-бошқа штатларда яшасалар-да, улар ўртага ташлаган таклифлар, кўтарган масалалар деярли бир хил эди.

Видеоконференция натижасига кўра, тегишли вазирлик ва ташкилотлар билан келишилган ҳолда АҚШда яшовчи ватандошларнинг таклифларини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик дастури ишлаб чиқилган.

 

Ушбу дастурда кўрсатилган таклифларни амалга ошириш  чора-тадбирларини юзасидан 2018 йил 10 сентябрь куни  Чикаго шаҳрида истиқомат қилаётган “Ўзбек-Америка” жамияти раҳбари Олим Шарипов билан Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида давра суҳбати ўтказилди. Унда республикамизнинг қатор вазирлик ва идоралари раҳбарлари ва мутасадди ходимлари иштирок этишди.

 

“Ўзбек-Америка” жамияти раҳбари Олим Шарипов ўз фикрлари билан ўртоқлашиб, жумладан шундай деди: “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий давлатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси билан ўрнатган ҳамкорлигимизга бир йилдан ошди. Тадбирларимиз жуда кўп, жумладан, америкаликларни Ўзбекистон тарихи, маданияти, турмуш тарзи билан таништириш, Америкада вояга етаётган ўзбек ёшларини ўз тилларини, урф-одатларини, анъаналарини унитмасликлари учун турли тадбирлар ташкил этиш. Бу борада ўз маданият марказимизда ўзбек тилидан дарслар, одобнома фанларидан сабоқ берамиз. Мақсадларимиз – Чикагодаги ўзбек мактабининг Ўзбекистондаги мактаблар билан алоқаларини боғлаш, америкалик ўзбек болаларининг ёзги таътилини Ўзбекистон оромгоҳларида ўтказишни ташкил этиш. Шу ишларни амалга оширсак, бизнинг фарзандларимиз ўз тарихий ватанига меҳрлари ошади, юртига бўлган муҳаббат туйғуси шаклланади, ўз она тилларини мустаҳкам билиш имкони яратилади, тарихни ўрганиб миллий ғурури уйғонади. Ундан ташқари, ҳайрия ишларини ҳам олиб борамиз. Мана шу келишимизда биз ижтимоий ҳимояга мухтож оилаларнинг болалларига ўз ҳисобимиздан 40та мактаб формасини олиб бердик. Режаларимиз жуда кўп, ўйлайманки, алоқаларимиз бундан буён тез ривожланиб боради”.

 

Давра суҳбатида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустамбек Қурбонов ўз нутқида Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг 2017 йилда АҚШга ташрифларидан кейин америкалик ватандошлар билан видеоконференция ўтказилгани ва унда белгилаб олган ишлар доирасида АҚШда очилган ўзбек синфлари учун баҳоли қудрат ўқув қўлланмалари, болалар учун бадиий адабиётлар бериб юборилганини таъкидлаб ўтди. У шунингдек, мазкур йиғилишда иштирок этаётган вазирлик ва идоралар ходимларини америкада истиқомат қилаётган ватандошларимиз билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш учун фаол иштирок этишга чақирди.

 

Маълумки, Видеоконференцияда муҳокама қилинган вазифалар доирасида, Чикагодаги Ўзбек-Америка ассоциацияси Президенти Олим Шарипов Наврўз байрами муносабати билан 13-16 ёшдаги ўзбекистонлик мактаб ўқувчилари ўртасида ўзбек тилида эркин мавзуда иншо танлови эълон килди ва унинг ғолибларига эсдалик совғалари ва дипломлар топширилди.

Тадбирнинг асосий мақсади АҚШда яшаб истиқомат қилаётган ватандошларнинг тилак ва таклифларини амалда тадбиқ этиш.

Умуман олганда Америкага кўчиб кетган ватандошларимизнинг энг катта ташвиши ўсиб келаётган ёш авлоднинг ўз тили, дини ва маданиятини эсидан чиқармаслик борасидаги сайи-ҳаракатларни амалга ошириш. Ечилиши талаб этиладиган яна бир муаммо, бу мактабларда очилган махсус ўзбек синфлари учун ўқув қўлланмалар, болалар учун бадиий адабиётлар, Ўзбекистон ҳақидаги турли фильмларни етказиб бериш. Буларнинг ҳаммаси Америкадаги ватандошларимиз болалари ва набираларининг она юртлари Ўзбекистон билан ришталарини боғловчи кўприк бўлиб хизмат қилади.

 

Давра суҳбати давомида америкалик ватандошимиз ўзларининг қизиқтирган саволларига турли вазирлик ва идоралар мутасадди ходимлари томонидан атрофлича жавоб олди. Улардан, виза масалалари, туризм соҳасини йўлга қўйиш, таниқли маданият ва санъат арбобларининг Америкага ташрифларини амалга ошириш ва ҳ.з.

 

Учрашувда бундай тадбирларни мунтазам равишда ўтказиб боришга келишиб олинди ва Олим Шариповга ўзбек тилидаги китоблар совға этилди.