2019 йил Bosh-sahifa-kir Долзарб хабарлар Тадбирлар

Амир Темур таваллудининг 683 йиллиги

Соҳибқирон Амир Темурнинг миллий маънавиятимиз, халқимиз ва айниқса ёш авлоднинг буюк аждодларимиз бой меросига бўлган аҳамияти чексиздир. Ушбу жиҳатлар юртимиз бўйлаб кенг нишонланаётган Буюк Соҳибқирон таваллуд топган кунининг 683 йиллигига бағишланган тадбирларда ўз аксини янада ёрқин намойиш этмоқда.

Маълумки, кейинги вақтларда Ватанимизнинг шонли тарихини, буюк аждодларимиз қолдирган бой меросини чуқур ўрганишга ҳар қачонгидан ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Шу нқтаи назардан Соҳибқирон Амир Темурнинг ибратли ҳаёти ва фаолиятини, ўша давр тарихини атрофлича ўрганиб ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.

 

Анъанага кўра 9 апрель куни пойтахтимиздаги Амир Темур хиёбонида тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда парламент аъзолари, вазирлик ва идоралар вакиллари, ёзувчи ва шоирлар, олимлар, талаба-ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди раиси Ҳуршид Файзиев Амир Темур таваллуд топган кунини юртимиз ва хорижий мамлакатларда кенг нишонлаш эзгу анъанага айланганини ифтихор билан тилга олди. Бу йил ҳам шонли санага бағишлаб турли маданий тадбирлар, давра суҳбатлари, халқаро илмий конференциялар юқори савияда ўтказилмоқда. Амир Темур даври тарихига бутун дунёда, ҳусусан Европа мамлакатларида ҳам қизиқиш юқори бўлиб келган. У ҳақда сўз кетганда биринчи навбатда Францияда самарали илмий ишлар олиб бораётган Темурийлар тарихи ва санъатини ўрганиш Ассоциацияси фаолияти алоҳида тилга олинади. Албатта, бундай тадбирлар мамлакатимиз илмий-маърифий ҳаётида ўзига ғос воқеа бўлиши билан бирга, Ўзбекистон ва Франция давлатлари ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларининг ривожига ҳам хизмат қилиши шубҳасиз деди.

 

Франция Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулотда ва Мухтор Элчиси Виолен де Вильмор хоним сўзга чиқиб, Амир Темурнинг жаҳон тарихида тутган ўрни ва Ўрта Осиё халқлари учун қолдирган буюк мероси ҳақида сўзлаб, унинг номини Европа мамлакатларида танитиш борасида Францияда олиб борилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берди.

 

Тадбирда Ўзбекистон Миллий гвардияси қошида ташкил этилган ҳарбий оркестр аъзолари ижросида куй ва қўшиқлар янгради, жангчиларнинг жанговор чиқишлари тадбир қатнашчиларининг олқишларига сазовор бўлди, сўнг Соҳибқирон Амир Темур ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиш маросими бўлиб ўтди. Иштирокчилар қаторида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раҳбарияти ва ходимлари, шунингдек Миллий маданий марказлар раҳбарлари ва аъзолари ҳам Амир Темур бобомиз шахсига ҳурмат бажо айлаб, ҳайкал пойига тирик гуллар қўйишди.

 

 

Тадбирнинг расмий қисмидан сўнг Темурийлар тарихи давлат музейида “Амир Темур ва Темурийлар давлатида халқ дипломатиясининг роли” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

 

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва ҳорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳамда ЎзРФА Темурийлар тарихи давлат музейи томонидан ташкил этилган тадбирда вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари, чет эл ваколатхоналари ходимлари, олимлар, ижодкорлар, ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этишди.

 

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустам Қурбонов ўзининг кириш сўзида анжуман қатнашчиларини қизғин қутлаб, Амир Темур нафақат ўз давридаги энг қудратли давлат асосчиси, илм-фан, маданият ва маънавият ҳомийси, балки ўз вақтида Осиё ва Европа қитъаларида рўй берган тарихий ўзгаришларга ҳал қилувчи таъсир кўрсатиб, дунё цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк бунёдкор бўлганини таъкидлади. Халқ дипломатиясини халқлар ва миллатлар ўртасидаги тинчлик ва дўстлик элчиси дейиш мумкин. Масалан, қадимги Буюк Ипак Йўлида жойлашган мамлакатимиз асрлар давомида хорижий мамлакатлар билан савдо-сотиқ, маданий ва сиёсий муносабатларни шакллантириб ўзаро дипломатик алоқаларини тиклаган. Бу жараён, айниқса Буюк давлат арбоби, соҳибқирон Амир Темур даврида ривож топган ва турли халқлар ва миллатлараро дўстона алоқаларни ривожланганлигида юртимизда халқлар дўстлиги намунаси сифатида халқ дипломатияси хусусиятларини намоён этгани ҳусусида гапириб ўтди.

 

 

Асрлар давомида елкама-елка яшаб ён қўшниларимиз билан янгича асосда йўлга қўйилган бирордарлик алоқалари барчани бирдай мамнун қилмоқда. Айниқса, қардош Қозоғистон республикасида 2018 йил Ўзбекистон йили деб эълон қилиниши катта тарихий аҳамиятга эга воқеа бўлди. Бугун бу икки қардош халқ бир-бирига қучоқ очиб, яхши қўшничилик ва дўстлик анъаналарини изчил давом эттирмоқда.

 

 

 

Тадбирда Қозоғистондаги ўзбеклар этномаданияти бирлашмаси “Дўстлик” жамияти раиси Икромжон Ҳошимжонов, Темурийлар тарихи давлат музейи директори Хуршид Файзиев, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университетининг профессори Раҳмон Фармонов, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси Бахтиёр Каримов ва бошқалар сўзга чиқиб, А.Темурнинг дунё цивилизацияси ва илм-фан, маданият равнақига қўшган улкан ҳиссаси эътироф этилгани ҳақида гапириб, Амир Темур дипломатиясининг айрим лавҳалари, унинг жаҳон тарихидаги тутган ўрни, миллий давлатчиликка, таълим ва маданият, ўз давлати ривожига  улкан ҳисса қўшган буюк шахс сифатидаги ролининг муҳимлиги ҳақида гапирдилар.

Тадбир доирасида Ўзбек Миллий академик драма театрининг таниқли артистлари Ёқуб Ахмедов, Теша Мўминов, Саида Раметовалар ижросида Амир Темур ҳаёти ва фаолиятига  доир монологлар ижро этилди, Соҳибқирон сиймоси гавдалантирилди.

 

Давра суҳбати якунида Амир темур меросини ўрганиш,  «халқ дипломатияси» механизмидан фаол фойдаланган ҳолда тинч ва фаровон ҳаётни асраш, хорижий мамлакатлар билан дўстона муносабатлар ва маданий-маърифий алоқаларни ривожлантириш, чет элдаги ҳамюртлар билан яқин ва ўзаро манфаатли муносабатларни  ривожлантиришга доир амалий таклифлар билдирилди.