Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида “Ўзбекистон – умумий уйимиз“ фестивалининг якуний босқичи ҳамда рассомлар ва ёш ижодкорлар асарларидан иборат кўргазма ташкил этилди.
Бағрикенглик ҳафталиги доирасидаги ушбу тадбирга миллий маданий марказларнинг фаоллари, ижодкорлар, талаба-ёшлар таклиф этилди.
Кўргазманинг очилишида таъкидланганидек, бугунги мураккаб глобаллашув даврда ёшларни ватанпарварлик, фидойилик, юртга садоқат, бағрикенглик руҳида тарбиялаш муҳим аҳамият касб этади. Шу маънода мамлакатимизда миллий маданий марказларнинг эзгу ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, миллати, диний эътиқодидан қатъи назар барча фуқаролар онгида кўп миллатли ягона оила туйғуларини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратилмоқда.
Йил давомида юртимизнинг барча ҳудудларида “Ўзбекистон – умумий уйимиз” шиори остида бўлиб ўтган анъанавий дўстлик ва маданият фестивали ҳам бу борада муҳим тарбиявий аҳамият касб этади.
Мазкур фестиваль юртимиз маданий, маънавий-маърифий ҳаётида ёрқин воқеа бўлиши билан бирга, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш, ватандошларимиз онгида саховат, бағрикенглик, ҳамжиҳатлик туйғуларини янада мустаҳкамлашдек мақсадларни кўзлайди.
Айниқса, фестивалнинг якуний босқичи бағрикенглик, инсонпарварлик, тотувлик, дўстлик байрамига айланди. Унда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида истиқомат этаётган ҳамюртларимиз фаол иштирок этди.
Тадбирда “Ўзбекистон – умумий уйимиз” республика фестивалининг йигирма нафар ғолибига махсус статуэтка ва дипломлар топширилди.
Кўргазмада мамлакатимиз рассомлари, миллий маданий марказлар ёш ижодкорларнинг жонажон Ўзбекистонимиз, тинч ва осойишта ҳаётимиз, юртимиздаги бетакрор табиат манзаралари акс эттирилган асарлари намойиш қилинмоқда.
Назокат УСМОНОВА, Фарҳод АБДУРАСУЛОВ (сурат), ЎзА