Версия для слабовидящих

2021 йил glavnaya Коррупцияга қарши кураш

Антикоррупция агентлиги Coca-Cola корхонасини хусусийлаштириш бўйича тендерни тўхтатишни сўради

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги «Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd» нинг хусусийлаштирилиши бўйича ўтказилаётган тендерларда коррупцион омиллар келиб чиқишини олдини олиш мақсадида тегишли идораларга тақдимнома киритди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг хабар беришича, агентликка тадбиркорлар ва фуқаролардан «Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd» устав фондининг 57,1 фоизга тенг давлат тегишли улуш сотувга қўйилиши жараёнлари амалдаги қонунчилик ва тартибларга зид равишда ўтказилаётганлиги тўғрисида мурожаатлар келиб тушган.

2020 йил 16 декабрь куни Давлат активларини бошқариш агентлиги сайтида компаниянинг давлат улуши сотувга қўйилиши ва унинг шартлари эълон қилинган.

Агентликнинг ўрганишларига кўра, давлат улушини сотиш бўйича ўтказилаётган тендер шартларига киритилган мезонлар ўта юқори ва унга асослантирилмаган талаблар қўйилган. Бу эса савдоларда қатнаша оладиган эҳтимолий иштирокчилар сонини сунъий чеклашга олиб келади ҳамда коррупцион омилларни келтириб чиқаришга шароит яратади.

Шу муносабат билан, агентлик томонидан тегишли идораларга бир қатор чораларни амалга ошириш мақсадга мувофиқлиги юзасидан тақдимнома киритилди:

  • Давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича Давлат комиссияси томонидан етарли рақобатга имконият мавжуд эмаслиги сабабли мазкур тендер жараёнларини тўхтатиш;
  • Тендер савдоларида иштирок этишга кўпроқ талабгорларни жалб қилиш ҳамда тенг имконият ва шароитлар яратиш мақсадида халқаро молиявий ва ҳуқуқий маслаҳатчиларнинг хулосалари асосида тендер шартларини юмшатиш бўйича ишларни олиб бориш.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Coca-Сola Ichimligi Uzbekiston» маъсулияти чекланган жамияти оммавий савдолар асосида хусусийлаштиришга тайёрланаётгани хабар берган эдик.

Маълумот учун, Coca-Сola Uzbekistan компаниясини хусусийлаштириш 2018 йилдан бери режалаштириб келинмоқда.

Print Friendly, PDF & Email
loading