2021 йил Bosh-sahifa-kir Фоторепортажлар Янги Ўзбекистон

«Бағрикенглик ҳафталиги» доирасидаги тадбирлар якунланди

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан қатор ҳамкор ташкилотлар билан бирга Халқаро бағрикенглик кунига бағишлаб 15-21 ноябрь кунлари “Маърифат ва миллатлараро бағрикенглик” шиори остида “Бағрикенглик ҳафталиги” ўтказилди.

Ҳафталик давомида бутун Ўзбекистон бўйлаб турли маданий, маънавий-марифий ва илмий-амалий тадбирлар бўлиб ўтди.

Дастур доирасида 20 ноябрь куни Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан пойтахтимиздаги дўстлик боғида “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” шиори остидаги қардош халқлар ёзувчи, шоир ва расссомларининг бадиий асарлари кўргазмаси ташкил этилди.

Тадбирда Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Тошкент шаҳар маданият бош бошқармаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Миллий маданий марказлар раислари ва фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

 

Тадбирнинг асосий мақсади – ўсиб келаётган ёш авлод онгига Ватанга муҳаббат ва унинг тақдири учун дахлдорлик ҳиссини сингдириш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашдан иборат.

Тадбирда Қўмита раиси ўринбосари Азамат Тошев барча йиғилганларни ушбу қутлуғ байрам билан қизғин табриклаб, бир неча кундан буён мамлакатимизда ташкил этилган “Бағрикенглик ҳафталиги” хусусида маълумот берди: “Бу тадбирлар давлатимиз томонидан барча миллатлар равнақи, миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш учун тенг шароит ва имкониятлар яратишга қаратилган миллий сиёсатнинг намунасидир. Халқ ҳунармандчилик кўргазмалари, концерт дастури, ёзувчиларининг асарлари турли халқларнинг маданияти, турмуш тарзи ва қалб гўзаллиги хақида яхлит тасаввур қилиш имконини беради. Шу маънода бундай кўргазмалар, маданий тадбирлар миллий анъаналарни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, адиблар меросини келажак авлодга етказишда муҳим аҳамият касб этади” деди у.

 

Ўзбекистон рус миллий маданий маркази раиси Сергей Миронов мамлакатимизда турли миллат ёзувчилари ва шоирлари учун яратилган кенг имкониятлар хусусида сўз юритди.

Тадбирнинг бадиий қисмида миллий маданий марказлар ижодий жамоалари иштирокида коценрт дастури ташкил қилинди. Дўстликни тараннум этувчи турли тиллардаги куй-қўшиқлари барчага кўтаринкилик улашди.

Миллий маданий марказлар ҳамда миллий рассомлик ва дизайн институти талабалари томонидан тайёрланган қардош халқлар ёзувчи, шоир ва рассомларининг бадиий асарлари кўргазмаси ташкил қилинди. Турли миллат вакилларининг ижодий ишларига кўргазма меҳмонларда катта тассуротлар қолдирди.

Тадбирда шунингдек, Президентимиз ташаббуси билан юртимиз бўйлаб амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида боғ ҳудудига Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ходимлари ва миллий маданий марказлар фаоллари томонидан  манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилди.

Гулдона Авезтурдиева Ўзбекистон туркман маданият маркази раиси:

““Бағрикенглик ҳафталиги” – бу бизнинг қалбимизга кирган байрамга айланди. Дўстлик боғида ҳафталикнинг сўнгги тадбирларидан бири ташкил қилинди. Бу байрам ҳам бизнинг анъанавий байрамимизга айланмоқда. Бугун турли миллат вакиллари ўзларининг ҳунармандчилик, кўргазмалари билан миллий куй-қўшиқлари билан иштирок этмоқда. Умуман туркман маданий маркази ўтказилган ҳафталикда фаол қатнашди. Албатта бу тадбилар биз турли миллат вакилларини янада жипслаштиришга хизмат қилади. Ватанимиз тинчлигига кўз тегмасин дейман.”

Умар Салмонов Ўзбекистон турк маданий маркази раиси:

“Албатта ўтказилаётган ушбу тадбирларнинг аҳамияти катта. Ўзбек халқи тарихдан бағрикенг халқ. Ўзбекистонда кўплаб миллат вакиллари қатори биз турк миллати вакиллари ҳам ватан топдик. Ҳозир бу ўлка бизнинг иккинчи эмас, асосий ватанимиздир! Тадбир доирасида дарахт кўчатларини ерга қадаганимиз ажойиб иш бўлди. Тадбирга ёшларимизни ҳам олиб келдик. Уларга бу намуна. Дарахтлар об-ҳавонинг тоза бўлишини таъминлайди. Энди биз бу кўчатларни ёшларимиз билан бирга келиб парваришлаймиз. Бундан кейин ҳам дарахт кўчатларини яна экишни мўлжаллаяпмиз.”