2021 йил glavnaya Популярные новости Мероприятия Янги Ўзбекистон

“Бахтим шул — ўзбекнинг Зулфиясиман” бадиий-адабий кечаси

Мамлакатимизда ҳар йили баҳорнинг илк куни Ўзбекистон халқ шоираси Зулфия таваллудини нишонлашдан бошланади. Юртимизда баҳор шукуҳи кезиб юрган қутлуғ сана арафасида халқимизнинг ардоқли фарзанди таваллудига бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар, адабий-бадиий кечалар ташкил этилмоқда.

Шу боис Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида Ўзбекистон халқ шоири Зулфия Исроилова таваллудининг 106 йиллигига бағишланган “Бахтим шул — ўзбекнинг Зулфиясиман” мавзусидаги адабий-бадиий кеча бўлиб ўтди.

 

Кечанинг асосий мақсади – Зулфияхонимнинг қизғин ижтимоий фаолияти билан маънавий ҳаётимизга қўшган ҳиссасини, унинг адабиётимизда тутган ўрнини ҳамда ўсиб келаётган ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, улар қалбида юксак ахлоқий фазилатларни тарбиялашдаги беқиёс аҳамиятини назарда тутиб, шунингдек, адабиётимизга  бўлган меҳр ва иштиёқини тобора кучайтиришдек эзгу мақсадларга чорлашдан иборат.

 

Тадбирда Қўмита раҳбарияти ва ходимлари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, Республика маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи марказий кенгашидан ташриф буюрган меҳмонлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

 

Қўмита раиси ўринбосари Азамат Тошев йиғилганларни яқинлашиб келаётган 8 март Халқаро хотин-қизлар байрами билан қизғин қутлаб, Зулфия Исроилованинг ўзбек ва умумжаҳон адабиётига қўшган катта ҳиссаси ҳусусида ўз фикрларини билдирди. Зулфия – ўзбек шеъриятида баҳор куйчиси, муҳаббат ва садоқат куйчиси бўлибгина қолмай, балки қизғин ижтимоий фаолияти билан ҳам  маънавий ҳаётимизга улкан ҳисса қўшган истеъдод соҳибаларидан бири эди. Шоира қардош мамлакатларга, жаҳоннинг барча давлатларида катта анжуманларда қатнашиб, минбарларда дўстликни тараннум этган. Зулфияхоним дўстларига, устозларига, яқинларига ниҳоятда меҳрибон ва садоқатли бўлганлиги алоҳида  эътиборга лойиқ. Унинг ҳаёти ҳар бир ўзбек аёлига ибрат бўладиган намуна эканлиги таъкидланди.

 

Мушоира кечасида тадбир иштирокчилари Зулфиянинг ёрқин ҳаёти ижоди ҳақида фикр юритишди. Юртимизда Зулфия номидаги давлат мукофоти таъсис этилганлиги, юзлаб истеъдодли қизлар ўз ижод намуналари билан бу юксак мукофотнинг соҳиби бўлаётгани, бугун Зулфия уларнинг сиймосида, ижод ва изланишларида яшашда давом этаётганини таъкидлашди. Шоиранинг шеърлари, турли тилларда тингланди.

Ўз ўрнида анжуманда мутахассислар томонидан Зулфия ижодининг серқирра жихатларига урғу бериб ўтилди. Тадбирнинг айнан баҳор фасли олди ўтказилаётгани ҳам бежиз эмас. Зеро, Зулфия билан баҳор фасли ҳамнафас, унинг ижодида муҳаббат ва хижрон мотиви юксак даражада ифодаланганини кўрамиз.

 

 

Тадбир якунида Республика мусиқа ва санъат коллежи талабалари томонидан Зулфия ижодига бағишланган театрлаштирилган саҳна кўринишлари намойиши, ёш ҳаваскорлар ижросида Зулфия Исроилова шеърларига басталанган мусиқа ва кўшиклар янгради. Барча катнашчилар Зулфиянинг ўзбек миллий шеъриятига кўшган улкан, салмоқли ижоди ҳақида таъкидлалар.