18 ноябрь — Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун мамлакатимизда катта байрам сифатида кенг нишонланмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири пойтахтимиздаги “Халқлар дўстлиги” санъат саройи олдидаги сайилгоҳда бўлиб ўтди. Байрамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Миллатлараро муносабатлар қўмитаси мутасадди ходимлари, Миллий маданий марказлар фаоллари, ҳарбийлар, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар ва кенг жамоатчилик жам бўлди.
Маълумки, ушбу майдонда мамлакатимиздаги энг улкан байроқ ўрнатилган. Узунлиги 20 метр, эни 10 метр бўлган миллий ғуруримиз рамзи 65 метр баландликда мағрур ҳилпираб турибди. Унга тикилганингиз сари руҳингиз кўтарилиб, ватанга меҳрингиз юксалади.
“Ўзбекистон байроғи барчамиз учун қадрли ва ўзимизнинг қалбимизга ўхшаган чиройли байроқ”, — дейди Ўзбекистон қозоқ миллий маданий маркзи раиси Серикбай Усенов. “Жуда кўп мамлакатларнинг байроқларини кўрганмиз, лекин бизникига ўхшайдигани йўқ. Шунинг учун байроғимизни яратиш жараёнида ижод қилган барча иштирокчиларга катта миннатдорчилик билдираман. Бугунги байрам юртимизда яшаб келаётган 130 дан ортиқ миллат ва элатларнинг байрамидир. Унда барча миллий маданий марказлар раҳбарлари ва фаоллари иштирок этишмоқда, чунки байроққа бўлган ҳурматларимиз чексиз ва хорижий мамлакатларда байроғимизнинг ҳилпирашини кўрганимизда биз юрагимиз билан миллатимиз, мамлакатимиз учун ғурурланамиз. Жонажон байроғимизнинг жаҳон узра ҳилпираши абадий бўлсин!”.
Тантанада Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари томонидан намойиш этилган чиқишлар тадбирнинг шукуҳини янада оширди. Миллий рамзларимизга ҳурмат, Ватанга муҳаббат, истиқлолга садоқат туйғулари улуғланган шеър ва қўшиқлар барчага хуш кайфият улашди.