2020 йил glavnaya Популярные новости Янги Ўзбекистон

Беларусь давлат университетида Ўзбек тили кабинетини очиш таклифи билдирилди

Ўзбекистон элчиси Носиржон Юсупов Беларусь давлат университетига (БДУ) ташриф буюрди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Университет ректори Андрей Король билан учрашувда мазкур олий ўқув юрти билан ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Беларусь томони меҳмонларга университетнинг ўқув ва илмий фаолияти ҳақида маълумот берди. А.Король «Унитехпром БГУ» илмий-технологик парки, илмий-тадқиқот институтлари фаолияти ва олий таълим муассаси мутахассислари яратаётган “Цисплацел” ўсмага қарши препарати ҳақида сўзлаб ўтди.

Н.Юсупов, ўз навбатида, мамлакатимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ҳақида маълумот тақдим этди. Ўзбекистонда яқин келажакда олий ўқув юртларига ўқишга киришни истаётганлар сафи 25  фоизгача кенгайиши кутилмоқда. Элчи БДУ таълим бериш салоҳиятига ижобий баҳо берди. Бу ерда олий таълимнинг энг яхши анъаналари ва замонавий тенденциялари жамланган. Шу муносабат билан Беларусь давлат университети ва Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, университетда Ўзбек тили кабинетини очиш таклифи билдирилди.

Бу йўналишдаги ҳамкорликнинг илк қадами сифатида  ўзбекистонлик дипломатлар томонидан БДУ кутубхонаси фондига янги нашрдан чиққан «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» беш жилдли китоби топширилди.

Бугун Беларусь давлат университети ҳамда Ўзбекистон таълим ва илмий-тадқиқот  муассасалари билан ҳамкорликка оид тўққизта битим мавжуд. А.Сахаров номидаги халқаро давлат экология институти ва Бизнес институтида филология, иқтисодиёт, ҳуқуқ, журналистика, халқаро муносабатлар, фалсафа ва ижтимоий фанлар факультетларида ўзбекистонлик 40 нафар йигит-қиз таълим олмоқда.