Тошкентда «Иннопром» халқаро саноат кўргазмаси доирасида Ўзбекистон – Татаристон бизнес-форуми ва икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида бизнес музокаралар ўтказилди.
Форумда Ўзбекистон ва Татаристоннинг ташқи савдо, сармоя, ёқилғи-энергетика, автомобилсозлик, қурилиш, кимё, енгил саноат, тиббиёт, фармацевтика, транспорт ва транспорт коммуникациялари, логистика, ахборот технологиялари ва сайёҳлик соҳалари учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов, Татаристон Республикаси Бош вазири ўринбосари, саноат ва савдо вазири Алберт Каримов, Татаристон Савдо-саноат палатаси раиси Шамил Агеев ва бошқалар мамлакатлар ўртасида ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш савдо ва иқтисодий соҳалар ривожида катта самара беришини қайд этди.
– Тадбир икки томон учун амалий аҳамият касб этади, – деди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси масъул ходими Ғофиржон Усмонов. – Бугунги бизнес-форумда Татаристоннинг 50 га яқин компанияси вакиллари иштирок этди. Аҳамиятли жиҳати, Ўзбекистон ва Татаристон ўртасидаги алоқалар изчил ривожланяпти. Татаристон Россия Федерациясидаги энг ишончли ҳамкоримиз ҳисобланади.
Тадбирда томонлар иқтисодиётга сармоя жалб этишнинг устувор йўналишлари, озиқ-овқат, нефть-газ, фармацевтика, таълим, машинасозлик, ишлаб чиқариш каби соҳалардаги салоҳият, яратилган сармоявий муҳит ва имкониятлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот берди.
Шунингдек, нефть-газ, машинасозлик, тўқимачилик, фармацевтика, илм-фан, қишлоқ хўжалиги соҳаларида Ўзбекистондаги эркин иқтисодий зоналарда инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларига ҳам эътибор қаратилди. Ўзбекистон ва Татаристон компаниялари ўртасида амалий алоқаларни ривожлантириш, янги қўшма дастур ва лойиҳаларни бажариш юзасидан фикр алмашилди.
– Қувурларни турли хил коррозиядан ҳимоя қилиш бўйича ишларни олиб борамиз, – деди Татаристондаги «Муҳандислик-ишлаб чиқариш маркази» МЧЖ директори Ольга Айдуганова. – Биз Россия бозорида анчадан буён ишлаймиз. Шунингдек, ички ва ташқи ҳимоя қопламали пўлат қувурлардан қувурлар қуриш соҳасидаги технологиялар ва ускуналарни ишлаб чиқиш, қувурларни қуриш ва таъмирлаш, коррозияга қарши ҳимоя қопламаларини қўллаш каби муҳандислик-техник хизматлар кўрсатамиз. Ўтказилган форум туфайли юртингизда ишончли ҳамкорлар топиб, ҳамкорликда ишлаймиз деган, умиддаман.
Бизнес-форум доирасида икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида бизнес музокаралар ҳам бўлиб ўтди.
Унда республикамизнинг 200 дан ортиқ компания вакиллари татаристонлик ҳамкорлари билан қишлоқ хўжалиги техникаси, нефть маҳсулотлари, маиший кимёвий маҳсулотлар етказиб бериш имкониятлари хусусида фикр алмашди.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА