Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчихонасида «Европа Иттифоқи — Ўзбекистон» дўстлик гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги ҳужжатни имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур маросим хорижий оммавий ахборот воситалари, хусусан, Қозоғистоннинг «Kazinform» халқаро ахборот агентлиги томонидан кенг ёритилди.
Тадбирда мамлакатимизнинг Бельгиядаги элчиси Дилёр Ҳакимов, Европа парламенти аъзоси Фульвио Мартушело ва Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Петер Буриан иштирок этди.
Дўстлик гуруҳининг асосий вазифаси Ўзбекистон келажаги йўлида унга ҳамроҳлик қилиш ва қўллаб-қувватлаш, мамлакат замонавий қиёфасини кенг халқаро аудиторияга етказишдан иборатдир. «ЕИ — Ўзбекистон» дўстлик гуруҳини яратиш ташаббускорлари Ўзбекистон халқининг маданияти ва меҳмондўстлигини қадрловчи таниқли сиёсатчилар, жамоат арбоблари, экспертлар ва журналистлардир.
Ҳужжатни тантанали равишда элчи Дилёр Ҳакимов ва Бельгиянинг «Diplomatic World» нашри вакили Барбара Дитрих имзолади. Шунингдек, Бельгиянинг ўзбек ҳамжамияти ва дипломатик доиралари вакиллари дўстлик гуруҳи ташкил этилгани ва Наврўз байрами билан қутлади.
Тадбир меҳмонлари ўзбек ошхонасининг анъанавий таомларидан баҳраманд бўлди, замонавий Ўзбекистон ҳақидаги фотокўргазма, ўзбек пахтасидан тайёрланган миллий ва замонавий кийимлар кўргазмасини томоша қилди.