2020 йил glavnaya Янги Ўзбекистон

Бугунгача БААдан 1 минг 280 нафар ватандошимиз чартер рейслар орқали олиб келинди

ДУБАЙ. /«Дунё» АА/. Бугунги кунга қадар 1 минг 280 нафар юртдошимиз БААдан чартер рейслар орқали Ватанга олиб келинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мамлакатимизнинг Дубайдаги Бош консуллхонаси вакиллари чартер рейсларга фуқаролар рўйхатини тузишда жиддий касал ва ҳомиладор аёлларга, 55 ёшдан ошганларга, болали оилаларга, талабаларга, март ойига авиачипталарни олган фуқароларга алоҳида эътибор қаратди.

Жорий йил 26 мартдан буён 2 минг 700 дан ошиқ ватандошимиз Ўзбекистонга қайтишда ёрдам сўраб, Бош консулхонага мурожаат қилган. Мурожаатлар айни дақиқаларда ҳам давом этмоқда.

15 мартдан бери 400 дан ортиқ юртдошимиз дипломатлар кўмагида Дубай меҳмонхоналари ва ётоқхоналарида жойлаштирилди. Улар кунига икки-уч маҳал иссиқ овқат билан таъминланмоқда.

Бундан ташқари 1000 нафарга яқин ватандошимизга озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлар етказиб берилди.

Ўз навбатида Бош консулхона БААда ишлаётган ўзбекистонлик шифокорлар ва тиббиёт ходимларига бепул маслаҳат ҳамда дори-дармонларни етказиб беришда кўрсатган ёрдам учун миннатдорлик билдиради.

Маълумот учун, 26 май ҳолатига кўра БААда 30 307 кишида коронавирус инфекцияси қайд этилган.  15 657 бемор тўлиқ соғайган, 248 киши эса вафот этган.