Версия для слабовидящих

2020 йил glavnaya

Бухорода кучли шамол натижасида жароҳатланганлар сони 41 кишига етди

Бухоро вилоятида кучли шамол жами 5293 та, жумладан 3 та маданий мерос, 12 та тиббиёт муассасаси, 62 мактаб, 43 та болалар боғчаси ва бошқа объектларга зарар етказди. Ҳодисадан 41 киши жароҳатланди, бир киши ҳаётдан кўз юмди — дастлабки маълумотлар.

Бухоро вилоят ҳокимлиги 27 апрелдан 28 апрелга ўтар кечаси вилоят ҳудудида кучли шамол ва ёғингарчилик оқибатлари ҳақида батафсил маълумотларни эълон қилди.

Етказилган талофатни ўрганиш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича тезкор вилоят штаби тақдим қилинган дастлабки маълумотларга кўра, вилоят бўйича жами 5293 та объектнинг 378 минг 238 кв.метр том қисмида шифер қопламалари, 1630 кв.метр бино ва деворлари, 15415 дона эшик ва деразаларига шикаст етди. Жумладан:

  • 12 та соғлиқни сақлаш объектида 7260 кв.метр том қисмининг шифер қопламалари, 320 кв.метр бино ва деворлари, 190 дона эшик ва деразаларига;
  • 52 та умумтаълим мактабларининг 10 минг 400 кв.метр том қисмининг шифер қопламаси, 92 дона эшик ва ромлари;
  • 43 та мактабгача таълим объектларининг 2 минг 647 кв.метр том қисмининг шифер қопламалари, 38 дона эшик ва дераза ромлари;
  • 63 та кўп қаватли уй-жойларнинг 18 минг 378 кв.метр том қисмининг шифер қопламалари, 15 дона эшик ва дераза ромлари;
  • 4800 та якка тартибдаги аҳоли уй-жойларининг 336 минг кв.метр том қисмининг шифер қопламалари, 14 минг 400 дона эшик ва дераза ромлари;
  • 220 та нотурар объектлар (савдо дўконлари, маъмурий бинолар в.ҳ.к)нинг 15 минг 400 кв.метр том қисмининг шифер қопламалари ва 660 дона эшик ва дераза ромлари;
  • 3 та маданий мерос объектининг 420 кв.метр том қисмининг шифер қопламалари, 1 минг 200 кв.метр бино ва деворлари, 20 дона эшик ва дераза ромларига;
  • 11 та спорт объектининг 2 минг 419 кв.метр том қисмининг шифер қопламалари 291 та эшик ва деразаларга талофатлар етганлиги аниқланди.

Бундан ташқари, 82 ҳолатда табиий газ таъминотида, 120 ҳолатда электр энергияси таъминотида узилиш ва авария ҳолатлари қайд қилинди. Шунингдек, 450 дона электр темир бетон таянчлари йиқилган бўлса, узилиб ерга тушган симларнинг узунлиги 51 кмни, ишдан чиққан трансформаторлар сони 25 тани ташкил этади.

Кучли шамол ва ёғингарчилик оқибатида вилоят бўйича 42 минг 400 дона йирик дарахтлар синиши ва қулаши қайд қилинди. Бинолар остида ва дарахтлар остида қўйилган юридик ва жисмоний шахсларнинг 415 та автотранспортга жиддий зиён етди.

Соғлиқни сақлаш бошқармасининг берган маълумотига кўра, 41 нафар фуқарога шундан, 32 нафарига енгил, 7 нафарига ўрта ва 1 нафар фуқарога оғир тан жароҳати етди. Қолаверса, 1 та ҳолатда ўлим қайд этилди. Енгил ва оғир тан жароҳати етган 8 нафар фуқаро тиббиёт муассасасига ётқизилди. 32 нафарига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйга жавоб берилди.

Амалий тадбирларга ФВБлардан жами 635 нафар шахсий таркиб, 114 та автотранспорт воситаси, шунингдек, маҳаллий ҳокимиятлар ва Фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат қуйи тизимига кирувчи ИИБ, ССБ, коммунал ва бошқа тегишли хизматлардан масъул ходимларни жалб этган ҳолда талофат оқибатларини бартараф этиш ишлари амалга оширилмоқда.

Print Friendly, PDF & Email
loading