Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини нишонлаш тадбирлари доирасида жорий йилнинг 10 февраль куни Чирчиқ шаҳрида маданий-маърифий кеча ташкил этилди. Тадбир Чирчиқ шаҳар қозоқ миллий маданий маркази Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзолари, Қўмита мутасадди ходимлари, Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари, “Ўзбекистон-Қозоғистон” дўстлик жамияти раҳбарияти, Қозоғистондан ташриф буюрган Қозоғистон ўзбеклари этномаданий “Дўстлик” ҳамжамияти раиси Икром Ҳошимжонов бошчилигидаги делегация аъзолари, зиёлилар ва талаба ёшлар иштирок этишди.
Сўзга чиққанлар ўз нутқларида икки давлат ва миллат дўстлиги, биродарлик алоқалари ривожланаётгани, икки халқнинг буюк аждодлари – Абай Қўнонбоев ва Мир Алишер Навоий асарларида асос солинган дўстликка содиқ бўлишга даъват этишди.
Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси бўлим бошлиғи Феруз Беков тадбир иштирокчиларини қутлуғ сана билан табриклаб Алишер Навоийнинг бой маънавий-маърифий меъроси, ўзбек адабий тили ривожига қўшган улкан ҳиссаси ва жаҳон адабиётида тутган беқиёс ўрнини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Йиғилганлар буюк шоир қаламига мансуб ғазал ва рубоийлардан парчалар ўқиди.
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Аҳмаджон Шукуров ижросида Навоий ғазалларига битган қўшиқлар ижро этилди. Чирчиқ шаҳар қозоқ миллий маданий маркази ҳаваскорлар гуруғи ижросида ўзбек ва қозоқ куй ва қўшиқлари янгради.
Маданий-маърифий тадбир кўтаринки ва байрамона руҳда ўтди.