Бутун Хитой дўстликка кўмаклашиш ассоциациясининг (Ассоциация) таклифига кўра, жорий йилнинг 9 декабрь куни ХХРнинг Хунан провинцияси Чжанцзяцзе шаҳрида бўлиб ўтган “Буюк Ипак йўли ёқасида жойлашган шаҳарларни биргаликда ривожлантириш” конференциясида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Р.Қурбанов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси иштирок этди.
Конференция ҳар йили Ассоциация, Чжанцзяцзе шаҳар хукумати ва Ипак йўли халқаро савдо Палатаси томонидан анъанавий ташкиллаштирилади. Жорий йилги тадбирда жаҳоннинг Арманистон, Болгария, Греция, Италия, Украина, Сербия, Қирғизистон каби 40 га яқин мамлакатларидан вакиллар иштирок этди.
Куннинг биринчи ярмида конференция дастурига асосан “Country garden phoenix hotel” меҳмонхонасининг Фоникс халқаро конференциялар марказида “Буюк Ипак йўли ёқасида жойлашган шаҳарларни биргаликда ривожлантириш” конференциясининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон делегацияси раҳбари Р.Қурбанов нутқ сўзлади.
Р.Қурбанов Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалар йилдан йилга ривожланиб боришида Ассоциация, Чжанцзяцзе шаҳар хукумати ва Ипак йўли халқаро савдо Палатасининг ўрни юқори эканлигини қайт этиб ўтди.
Куннинг иккинчи ярмида “Country garden phoenix hotel” меҳмонхонасининг Люксембург конференциялар залида Ўзбекистон ва Хитой шаҳарларининг иқтисодий, савдо, маданий, таълим, туризм соҳаларини янада ривожлантириш ҳусусида ўзаро ҳамкорлик лойиҳаларига тааллуқли бизнес конференцияси ўтказилди.
Форумни Бутун Хитой дўстликка кўмаклашиш ассоциациясининг бош котиби ўринбосари Цю Цзюнь табрик сўзи билан бошлаб, ушбу форум мамлакатлар иқтисодиётига самарали лойиҳаларни тақдим этишига ишонч билдирди.
Форум 3 қисмдан иборат дастур асосида бўлиб ўтди:
- Ўзбекистон томонидан инвестицион тақдимотларнинг намойиш этилиши;
- Хитой томонидан компаниялар тақдимотларининг намойиш этилиши;
- Томонларнинг ўзаро фирк ва мулоҳазалари ва келишувлар.
Форумда Хитой томонидан 30 га яқин иқтисодиётнинг турли соҳаларида фаолият олиб борувчи йирик компания ва фирмалар раҳбарияти қатнашди.
Конференция кун тартибидан келиб чиқиб, Ўзбекистон делегацияси раҳбари, Қўмита раиси Р.Қурбанов конференцияни ташкил қилган Ассоциация ва Чжанцзяцзе шаҳри раҳбариятига ўз минатдорчилигини билдириб, Ўзбекистоннинг инвестицион салоҳияти, мамлакатда бизнес юритишга берилган имкониятлар ҳамда чет эллик сармоядорлар иштирокида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот бериб ўтди.
Делегациямиз раҳбари Ўзбекистон ва ХХР ўртасидаги алоқалар ҳақида ҳам тўхталиб ўтиб, мамлакатларнинг узоқ йиллик дўстона муносабатлари қадимги “Буюк Ипак йўли” орқали етиб келиб, Хитойнинг “Бир белбоғ-бир йўл” ва Ўзбекистонинг “Ҳаракатлар стратегиси” дастурлари асосида ҳамоҳанг давом этаётганини мамнуният билан қайд этиб ўтди.
Шунингдек, шахсан икки мамлакат давлат раҳбарларининг ташаббуслари ўзбек ва хитой халқларининг фаровонлигига катта ҳисса қўшаётганлигини айтиб ўтди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон томонидан “Буюк Ипак йўли шаҳарлар алянси”га аъзо Ўзбекистон шаҳарларининг вакиллари – Бухоро, Самарқанд ҳамда Қашқадарё вилоятларининг инвестиция ва ташқи савдо масалалари бўйича ҳоким ўринбосарлари вилоятларнинг инвестицион салоҳияти, хорижлик тадбиркорларга яратилган имкониятлар ва ҳудудларнинг истиқболдаги режалари ҳақида тақдимот қилишди. Улар ўз тақдимотида Ўзбекистонинг бой табиий ресурслари, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот беришди.
Шунингдек, форумда Хитойлик сармоядорлар ва тадбиркорларга Бухоро, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларининг туризм, ишлаб чиқариш, транспорт логистикаси ва инфратузилмалари ҳақида видеолавҳалар намойиш этилди.
Конференцияда Ўзбекистон делегациясининг иштироки натижасида қуйидагиларга муваффақ бўлинди:
— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 19.05.2017 йилдаги ПФ-5046-сонли Фармонида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Ўзбекистон халқ дипломатияси ва иқтисодий салоҳияти намойиш этилди;
— Халқаро бизнес конференцияда Ўзбекистон ҳукумати ва Хитойлик тадбиркорлар ўртасида бир қанча меморандумлар имзоланди;
— Ўзбекистон вилоятлари ҳамда Хитойнинг худудлари ўртасида иқтисодий алоқалар ўрнатилди (Хитойнинг Хунунь ва Ўзбекистоннинг Қашқадарё вилояти).
Ўзбекистон томони Хитойлик инвестор ва тадбиркорларни Ўзбекистонга таклиф қилиб, улар билан ҳмакорликда иш олиб бориш таклифини билдиришди.
Қўмита бош мутахассиси О. Алимардонов
09.12.2019