2021 йил Bosh-sahifa-kir

БУЮК КОБЗАРЬ ХОТИРАСИГА ЭҲТИРОМ

Қадимдан Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон ҳудуди кўп миллатли бўлиб, бу ерда турли миллатлар, тиллар ва маданият вакиллари ёнма-ён яшаб келган. Ўзбекистон халқларининг маданий хилма-хиллиги мустақилликнинг асосий ютуқларидан бири бўлиб, бебаҳо бойлиги сифатида эътироф этилган ва биз уни кўз қорачиғимиздек қадрлаймиз.

Ўзбекистон ва Украинанинг ўтмиши ва бугуни мустаҳкам алоқалар билан узвий боғлиқ. Тарихнинг турли босқичларида барча соҳалардаги ҳамкорликнинг минглаб намуналари мавжуд бўлиб, халқларимиз танлаган йўлдан муваффақиятли бориш имконини беради.

Олис даврларда мамлакатимиз худудига илк бор қадам қўйган ва икки халқлар ҳаётида ўчмас из қолдирган биринчи украиналиклардан буюк шоир, истеъдодли рассом Тарас Григорьевич Шевченко бўлган. У 1884-1885 йилларда Орол денгизи, ҳозирги Қорақалпоғистон Республикасининг туташ ерлари, Aмударё ва Сирдарёни ўрганиш бўйича биринчилардан бўлиб илмий экспедицияда иштирок этди.

Жаҳон маданияти хазинасига беқиёс ҳисса қўшган ўзбек шоири Aлишер Навоийнинг буюк асарлари сингари украиналик Тарас Шевченконинг ўлмас шеърий ижоди ҳам инсоният қалби ва онгида ўчмас из қолдирди. Унинг номи икки дўст халқнинг икки маданияти бирлиги рамзига айланди, ўзбек халқи маънавий маданиятининг бир бўлагига айланди. Тошкентнинг марказий кўчаларидан бирига Тарас Шевченко номи берилгани, у ерда буюк Кобзарь ҳайкали ўрнатилгани бунинг далилидир.

Жорий йилнинг 26-28 ноябрь кунлари мамлакатимизда “Славутич” Республика украин маданият маркази ташкил этилганининг 20 йиллигини нишонлаш мақсадида мамлакатимизда миллатлараро муносабатларни янада ривожлантириш, Ўзбекистон ва Украина халқлари ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган юбилей тадбирлари ўтказилмоқда.

Юбилей дастури доирасида жорий йилнинг 26 ноябрь куни Тошкентдаги Шевченко ҳайкали пойига гул қўйиш маросими бўлиб ўтди. Унда Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси масъул ходимлари, “Славутич” Республика украин маданият маркази ҳамда бошқа маданият марказлари раҳбарлари ва фаоллари, шаҳар жамоатчилиги, ёшлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбир қатнашчилари украин халқининг буюк вакилига ҳурмат бажо келтирди ва Ўзбекистон ҳукуматига мамлакатда истиқомат қилаётган турли миллат вакилларининг тарихи ва хотирасига кўрсатаётган ҳурмат ва эҳтироми учун миннатдорчилик билдиришди.