2021 йил Bosh-sahifa-kir

«Чингиз Айтматов ва ўзбек адабиёти» мавзусида давра суҳбати

Жорий йилнинг 24 декабрь куни Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида буюк шоир ва мутафаккир Чингиз Айтматов таваллудининг 93 йиллигига бағишланган “Чингиз Айтматов ва ўзбек адабиёти” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Қўмита фойесида марказ фаолиятига оид фотосуратлар акс эттирилган стендлар, Чингиз Айтматов ижодига оид фотосуратлар ва китоблар, шунингдек, халқ амалий санъати кўргазмаси ташкил этилди.

Тадбирда Қўмита мутасадди ходимлари, Ўзбекистон қирғиз миллий маданий маркази фаоллари, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзолари ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Давр суҳбатида Чингиз Айтматов минтақамиз тинчлиги ва осойишталиги, унинг келажаги ва равнақи, халқларимиз ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, уларни турли зиддият ва қарама-қаршиликлардан асраш йўлида фидокорона фаолият олиб боргани хусусида сўз юритилди. Унинг “Жамила”, “Сарвқомат дилбарим”, “Бўтакўз”, “Биринчи муаллим”, “Момо ер”, “Сомон йўли”, “Алвидо, эй Гулсари”, “Оқ кема”, “Соҳил ёқалаб чопаётган олапар”, “Асрга татигулик кун”, “Қиёмат”, “Кассандра тамғаси”, “Чўққида қолган овчининг оҳу зори” каби кўплаб асарлари дунёнинг қатор тилларига таржима қилиниб, китобхонлар эътирофига сазовор бўлгани эътироф этилди.

Дарҳақиқат, халқимиз унинг асарларини ўзгача меҳр ва қизиқиш билан қарши олади. Чунки улуғ адибнинг юртимизга, халқимизга бўлган муҳаббати, ҳурмати чексиз ва буюк эди.

Қўмита раиси ўринбосари А.Тошев тадбир иштирокчиларини қутлаб, буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов бой ижодий мероси нафақат қирғиз эли, балки бутун туркий тилли мамлакатлар, жумладан, ўзбек халқи учун ҳам муҳим маъно ва аҳамият касб этишини таъкилдади.

Чингиз Айтматов халқларимиз ўртасидаги қадимий дўстлик ва маънавий бирликни янада мустаҳкамлаш, муштарак бой анъанавий меросини авайлаб-асрашга, адабиёт, санъат, илм-фан соҳасида эришган ютуқларини дунёга танитиш, бу соҳада янги имкониятларни излаб топиш ва тарғибот ишларини такомиллаштириш мақсадида Тошкентда ташкил этилган Марказий Осиё хақлари маданияти Ассамблеяси халқаро жамоатчилик ҳаракатининг раҳбарларидан бири бўлганини қайд этди.

Ўзбекистоннинг қадрдон дўсти бўлган бетакрор ижодкор хизматлари давлатимиз томонидан “Дўстлик” ва “Буюк хизматлари учун” орденлари билан тақдирланганлигига эътиборини қаратди.

Шунингдек, тадбирда Чингиз Айтматов номидаги Халқаро академия аъзоси, доцент Аҳмаджон Мелибоевнинг “Чингиз Айтматов – икки элнинг суюкли адиби”, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажидовнинг “Чингиз Айтматов асарларининг ўзбек адабиётига таъсири” мавзуларидаги маърузалари тингланди.

Тадбир давомида атоқли ёзувчи ўзбек адабиёти ва санъатининг йирик намояндалари билан яқин дўст ва ижодий ҳамкор бўлгани ёш адибларимиз учун юксак ибрат намунаси экани эътироф этилди.

Тадбир якуни баҳс-мунозараларга бой бўлиб, иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.